Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 14:38 Чоп этиш версияси

"Қизил китоб"ни ўқиганмисиз?

"Қизил китоб"ни ўқиганмисиз?
Наманганда “Экологик муаммоларни ҳал этишда ННТлар иштирокининг ҳуқуқий асослари, табиатни муҳофаза қилишга оид қонунлар нормаларини татбиқ этиш механизмлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши, ҳаракатнинг Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳудудий бўлинмалари масъул ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Семинарда дастлаб, “Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Экологик ҳаракатига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳа доирасида Экоҳаракатнинг халқаро алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, 2015 йилда Ўзбекистон делегацияси Буюк Британияда бўлиб, экология соҳасида давлат ва жамоат ташкилотлари билан тажриба алмашиб қайтди. Экоҳаракатнинг Фарғона вилояти ҳудудий бўлими ахборот-ресурс маркази ташкил этилди. Мазкур марказ томонидан экологик назорат амалга оширилишини мувофиқлаштириш, экологик қонубузарликлар ҳақида тезкор маълумотлар йиғиш, таҳлил қилиш ва уларни бартарар этиш, олдини олиш, бу борада тегишли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш, атроф-муҳит муҳофазасига доир қонун ва қонуности ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш каби кенг қамровли фаолият олиб борилмоқда.

Тадбирда, шунингдек, ҳуқуқий асослар, уларни амалда қўллаш механизмлари етарли бўлишига қарамасдан, табиатни муҳофаза қилиш, аҳолинининг экологик билим ва маданиятини ошириш, экологияда жамоатчилик назорати борасидаги амалий натижаларга танқидий баҳо берилди.

8.jpg

– Бугунги кунда нафақат омма, балки фаолияти бевосита экология билан боғлиқ мутахассислар ҳам амалда табиатдан узоқлашиб бормоқда, – дейди Экоҳаракат марказий кенгаши аъзоси М.Маҳмудов. – Мисол учун, биология, ботаника, зоология ўқитувчилари ва бошқа шу каби соҳа мутахассисларининг аксарияти Ўзбекистонда нашр қилинган “Қизил китоб”ни ўқиш у ёқда турсин, ҳатто кўрмаган ҳам. Демак, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг йўқолиб бораётган ноёб турлари ҳақида энг сўнгги маълумотларга эга эмас. Бундан ташқари, чиқиндилар масаласи экологиянинг энг долзарб муаммоси бўлиб турган бугунги кунда унинг илдизи, ечими доирасида етарли даражада иш олиб борилмаяпти. Бундай мисоллар жуда кўп ва улар биринчи навбатда экологик маданият ва қонунлар ижросининг назорати билан боғлиқдир.

Семинарда ҳудудларда экологик ҳолатни барқарорлаштириш, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторларини тайёрлаш ва уларнинг фаолиятини ташкил этишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш, экологик назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, саноат ва маиший чиқиндилар билан ифлосланишнинг салбий таъсирини камайтириш ҳамда аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди.

Иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида мазкур вазифаларни амалга ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
16 544