Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.11.2017 11:52 Чоп этиш версияси

“Ҳидоя” – дунё қонуншунослигининг илмий асоси

Мамлакатимизда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буюк аждодимиз Бурҳониддин Марғиноний асарлари ана шундай бебаҳо маънавий хазинадир.

Бурҳониддин Марғинонийнинг (тўлиқ исми Абдулҳасан Али ибн Абубакр Ибн Абдужалил ал-Фарғоний ал-Риштоний ал-Марғиноний) ўлмас мероси, хусусан, “Ал-Ҳидоя” ("Тўғри йўл”) китоби мусулмон оламида энг нуфузли ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида эътироф этилади. Бу мумтоз асарнинг Европа халқлари тилларига таржима қилингани, ҳозир ҳам бутун дунёда катта қизиқиш билан ўрганилаётгани, унга турли тилларда кўплаб шарҳ ва изоҳлар битилгани Марғиноний меросининг умумбашарий аҳамиятидан далолат беради.

Буюк алломанинг ибратли ҳаёти, бой илмий меросини ўрганиш ва дунё халқлари ўртасида, жумладан, юртимизда кенг тарғиб қилиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда. 2000 йилда Бурҳониддин Марғиноний таваллудининг 910 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонлагани ҳам унинг жаҳон цивилизацияга қўшган ҳиссасига бўлган эътиборнинг юксак ифодасидир. Марғилон шаҳрида улуғ аллома хотирасига катта майдон барпо этилди. Майдон марказида алломани дунёга машҳур қилган “Ал-Ҳидоя” асарига бағишлаб муҳташам ёдгорлик ўрнатилди. Юксак гумбазли, ислимий нақшлар билан безатилган баланд устунли, айвонли бу ёдгорлик шаҳарнинг ҳам тарихий, ҳам замонавий қиёфасига монанд тарзда яратилди. Зиёратчиларнинг оёғи узилмайдиган бу маскан эндиликда Марғилоннинг тимсолига айланди.

– Ҳар гал шу майдонга келганимда буюк бобокалонимизнинг тарихда қолдирган улуғ мероси, илм-фан, айниқса, ислом фалсафаси, ҳуқуқшунослиги асослари ҳақида яратган ўлмас асарлари кўз олдимга келади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби Исмоил Маҳмуд. – Аллома яратган асарлар бугунги кунда ҳам нафақат шарқ мамлакатлари, балки жаҳон миқёсида кенг илмий тадқиқ қилинмоқда. Дунё қонуншунослигининг илмий асоси, деб эътироф этилмоқда. Ана шундай улуғ аллома бизнинг заминдан экани барчамизнинг қалбимизга ғурур-ифтихор бағишлайди. Бурҳониддин Марғиноний бобомизнинг асарига атаб барпо этилган бу мажмуа барча аждодларимиз хотираси эъзозланган маскан сифатида намоён бўлади.

Марғилон шаҳрида буюк аллома номида халқаро жамғарма тузилиб, кўплаб хайрли ишларга ҳисса қўшиб келмоқда. Меҳнат ва ўқув жамоаларида, маҳаллаларда олимлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жамғарма ташаббуси билан аллома қадамжоларига илмий экспедициялар уюштирилиб, у ҳақда китоблар нашр эттирилмоқда.

– Буюк фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг “Бидоят ул-мунтаҳий” (“Бошловчилар учун дастлабки таълим”), “Китоб ул-мазид” (“Илмни зиёда қилувчи китоб”), “Маносик ул-ҳаж” (“Ҳаж маросимлари”), “Мажма ун-навозил” (“Нозил бўлган нарсалар тўплами”), “Китоб ул-машойих” (“Шайхлар ҳақида китоб”) ва бошқа кўплаб асарлари ўз даврида мусулмонлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилган, – дейди Бурҳониддин Марғиноний номидаги Халқаро жамғарма раиси Ўктамжон Эшонбобоев. – Кейинчалик, 1178 йилда Бурҳониддин Марғиноний “Китоб ал-Ҳидоя” (“Ҳидоя” – “Тўғри йўл”) асарини яратди. Буюк бобомиз асарларининг моҳияти бўлмиш адолат туйғуси, ўз даврининг ҳуқуқий мезонлари асосида яшаш, ўзганинг мол-мулкига кўз олайтирмаслик, ҳаромдан ҳазар қилиш, инсоф ва диёнат, меҳр-оқибат каби халқимизга хос эзгу тушунчалар бугунги кунда ҳам маънавий ҳаётимиз асосларини ташкил этади.

Ўзининг беқиёс салоҳияти билан буюк илмий мактаб яратган, ислом ҳуқуқшунослигининг улкан намояндаси Бурҳониддин Марғинонийнинг табаррук номини бутун мусулмон дунёси юз йиллар давомида эъзозлаб келмоқда. Алломанинг Шарқ оламида “Бурҳониддин ва милла”, яъни “Дин ва миллатнинг ҳужжати” деган юксак унвонга сазовор бўлгани ҳам буни яққол исботлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкент шаҳрида "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби" мавзусида бўлиб ўтган анжумандаги нутқида ҳам улуғ олим ва уламоларимизнинг маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратди. Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этиш таклифини билдирди. Айни пайтда бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мухтасар айтганда, улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда ҳам маърифий дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос фақат бир миллат ёки халқнинг эмас, балки бутун инсониятнинг маънавий мулки бўлиб, ушбу бебаҳо бойлик авлодлар учун донишмандлик ва билим манбаи бўлиб хизмат қилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 489






Все о погоде - Pogoda.uz