Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.07.2018 20:52 Чоп этиш версияси

Ҳар бир аёл давлат ва жамият ҳимоясида

 Ҳар бир аёл давлат ва жамият ҳимоясида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юртимиз хотин-қизларини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти, меҳнат фаолиятига оид долзарб масалаларга ўз вақтида ечим топишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Жамиятимизда ҳар бир аёл давлат ҳимоясидадир!” шиори остида сайёр қабул ташкил этилди. Унга Тошкент шаҳар Бектемир, Яшнобод, Миробод туманларининг туташган жойида, яъни Қўйлиқ бозори атрофидаги норасмий ёлланма иш шохобчаларида бир марталик ишда банд бўлувчи хотин-қизлар таклиф этилди.

Сайёр қабул ташкил этилишидан аввал ҳафта давомида шохобчадаги хотин-қизларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат олиб борилиб, уларни қийнаётган ишсизлик, уй-жой, оилавий келишмовчилик, ажримлар каби муаммолар етарлича ўрганилди.

Қабул давомида аёлларни ташвишга солаётган аксарият долзарб масалалар ижобий ечимини топди. Муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари вакиллари, ички ишлар, солиқ, бандликка кўмаклашиш маркази, соғлиқни сақлаш бўлимларининг вакиллари ҳам кенг жалб этилди.

Тадбир давомида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Ишсиз юрган, қўлида ҳунари йўқ қизларга маълум йўналишда ҳунар ўргатиш режалаштирилди.

Бу каби сайёр қабуллар Тошкент шаҳрининг Сергели, Олмазор туманларида ва Тошкент вилоятида ҳам режа асосида ўтказилиши кўзда тутилган. 

Н.Усмонова, ЎзА
5 395