Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.07.2017 18:31 Чоп этиш версияси

"Қалдирғоч"да завқли кунлар

Ёзги таътил бўлишига қарамай мактабдан болаларнинг кулгуси, завқли шовқини аримайди. Шахмат-шашка, футбол мусобақалари авжида. Яна бир гуруҳ болалар табиат манзаралари, Ватан, мактаб, оила мавзуларида расм чизмоқда. Қизларнинг аксарияти тўқиш, чеварлик тўгарагида. Кимдир кутубхонада китоб мутолааси билан машғул.

Барча жойларда бўлгани каби Тошкент шаҳридаги мактаблар қошидаги оромгоҳлар болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 28-мактабда ташкил этилган "Қалдирғоч" болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳамиша ўғил-қизлар билан гавжум.

– Оромгоҳга "Гуручариқ", "Ҳастимом", "Қорасарой" каби маҳалла фуқаролар йиғинидан 140 нафарга яқин ўқувчи қатнайди, – дейди оромгоҳ раҳбари Шаҳзода Сатторова. – Болалар билан ишлаш учун энг малакали ўқитувчилар билан бирга "Баркамол авлод" марказларининг тўгарак раҳбарлари, етакчилар жалб этилган.

Бу ерда болаларнинг бир дақиқага бўлса-да зерикишига вақти йўқ. Эрталабки бадантарбиядан сўнг, нонушта, кейин эса гуруҳлар бўйича машғулотлар бошланиб кетади. Спорт, хорижий тиллар, расм, бисер тўқиш, рақс каби ўндан ортиқ тўгарак ишлаб турибди.

Оромгоҳда ҳозирги кунда учинчи мавсум фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир мавсум ўн кундан иборат бўлган оромгоҳда болаларнинг тиббий маданиятни ошириш, маънавиятини юксалтириш, ватанпарварлик, юртга садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактаб шифокори иштирокида соғлом турмуш тарзи асослари ҳақида доимий суҳбатлар олиб борилса, ҳуқуқшунослар болалар ҳуқуқлари, юртимизда ёшлар камолоти, уларнинг таълим-тарбияси йўлида кўрсатилаётган эътиборнинг моҳиятини тушунтирмоқда.

Мактабга илк қадам қўйиш арафасидаги кичкинтойлар учун саводхонлик, ўқиш, ёзув, математика, расмга оид алоҳида машғулотлар олиб борилади. Тўқиш, чеварлик, бисер тўгараклари болаларни меҳнатга ўргатса, шахмат ўйинлари уларнинг мантиқий фикрлашини кучайтириб, зеҳнини чархламоқда. Драма тўгарагида болаларга оид мўъжаз асарлардан лавҳалар ижро этилади. Етти мингга яқин китоб фондига эга кутубхонада "Энг китобхон ўқувчи", "Китобим – офтобим" каби танловлар, маърифий акциялар ўтказилиши ўқувчиларнинг адабиётга бўлган меҳрини оширмоқда.

– Машғулотларни қизиқарли тарзда ташкил этиш билан бирга болаларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ўқишга бўлган иштиёқини янада оширишга жиддий эътибор қаратилади, – дейди "Камалак" гуруҳи раҳбари Дилафрўз Юнусхўжаева. – Бу эса уларнинг билимини янада бойитиш, янги ўқув йили бошланишидан аввал уларнинг маърифий тайёргарлигини оширишга хизмат қилади.

– Ўғлим Даврон оромгоҳдаги шахмат тўгарагига қатнайди, – дейди Маҳмуда Нурмуҳамедова. – Шу билан бирга қўлидан китоб тушмайдиган бўлди. Биз ҳам уйдагилар билан унинг бўш вақти қандай, кимларнинг даврасида ўтаяпти, деб ортиқча хавотирланмаймиз. Мактаблар қошидаги ёзги оромгоҳларнинг ташкил этилгани болалар учун ҳам, ота-оналар учун ҳам ғоят фойдали бўлмоқда.

– Оромгоҳда зерикишга вақт йўқ, – дейди 6-синф ўқувчиси Азиз Убайдуллаев. – Мен инглиз тили, футбол тўгараги машғулотларини сира қолдирмайман. Бу ерда тенгдошларим билан маза қилиб ўйнаймиз. Музейлар, истироҳат боғларига саёҳатга бордик.

Бу каби оромгоҳлар юртимизнинг турли ҳудудларидаги мактабларда фаолият кўрсатмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 865






Все о погоде - Pogoda.uz