Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 16:03 Чоп этиш версияси

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш – долзарб масала

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб...

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тарих фани собиқ мустабид тузум мафкурасидан воз кечиш, янги ёндашувлар билан боғлиқ ўзгаришларга юз тутди. Фан тараққиёти ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш Ўзбекистон тарихчилари зиммасига жаҳон амалиёти ютуқларидан келиб чиқиб, тарих фанини янада юқори илмий-назарий даражага олиб чиқиш ҳамда янги илмий йўналишларни ўзлаштириш каби вазифаларни юкламоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори кенгаш ишидаги камчиликларни бартараф этиш ва уни янги поғонага кўтариш ҳамда бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳужжатлардан биридир.

Қарорда Жамоатчилик кенгаши олдига Ўзбекистоннинг энг янги тарихини тизимли, ҳаққоний ва холис тарзда ўрганишни ташкил этиш, янги авлод илмий ва ўқув-услубий адабиётларни яратиш ҳамда мамлакатимизнинг дунёдаги ўрни ва ролини кўрсатишга қаратилган қатор вазифалар қўйилган. Мазкур ҳужжатда кўрсатилган вазифаларни бир-бирини тўлдирувчи икки йўл орқали рўёбга чиқариш лозим. Биринчи йўл – янги авлод илмий ва ўқув адабиётларини яратиш. Иккинчи йўл – мавжуд билимларни ёшларга тарғиб этиш ва ўқитиш.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ҳақида сўз юритилганда, биз учун, аввало, мамлакатимизнинг 1991 йилдан кейин босиб ўтган тарихий йўли моҳияти ва мазмунини англаб етиш муҳимдир. Бу жараён қандай борганлигини, мамлакатимиз мустақиллик арафасида ва унинг дастлабки йилларида қандай муаммоларга дуч келганини тушуниб етиш муҳим. Ўзбек жамиятида қадимги даврлардан бери айрим демократия унсурлари: ўзини ўзи бошқаришнинг жамоа шакли, маҳалла йиғинлари, оқсоқоллар кенгашлари ва халқ дипломатияси мавжуд эди. Бироқ ҳозирги кунда ушбу институтлар томонидан анъанавий функциялар бажарилишининг ўзи билан қаноатланиб бўлмайди. Биз уларнинг фаолиятини ҳозирги давр талабларига мос янги мазмун билан тўлдиришимиз мақсадга мувофиқдир.

Ривожланган демократик давлатларда сиёсий партиялар фуқаролик жамиятининг энг муҳим институтларидан бирини ташкил этади. Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришда кенг иштирок этишини таъминловчи сиёсий институтларнинг хилма-хиллигига асосланган янги демократик тизим негизларини шакллантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган.

Собиқ тузум даврида давлат ва яккапартиявийлик тизими шахс устидан ялпи ҳукмронлигини ўрнатган эди. Фуқаронинг ҳуқуқий ҳимояланмагани, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усуллари, ҳар қандай муқобил фикрлашнинг тазйиқ остига олиниши кўп одамларда чорасизлик туйғусини уйғотиб, реал ҳаётдан узоқлашиш истагини оширди. “Сиёсий аутсайдерлар” деб аталувчи кишилар сонининг ўсиши, жамиятда ижтимоий пессимизм ва боқимандаликнинг кучайишига сабаб бўлди.

Афсуски, бугунги кунда ҳам жамиятда эски даврга хос бўлган ижтимоий онгнинг рецидивлари муайян даражада сақланиб қолмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ҳолатни назарда тутган ҳолда Ўзбекистондаги сиёсий партияларни жиддий танқид остига олиб, қуйидагиларни таъкидлади: “Очиқ айтиш керак, сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетмоқда”. Бугун кучли фуқаролик жамиятни қуриш вазифаси тобора кўпроқ долзарблик касб этмоқда. Унинг амалга оширилиши реал ва фаол кўп партияли тизимни шакллантиришни талаб этаётир.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганишда юқорида таъкидлаб ўтилган вазифалар қаторида жамиятни ижтимоий-иқтисодий ислоҳ қилишдаги ўзбек моделининг концептуал асосларини идрок этиш, давлатимизнинг глобал ва минтақавий интеграция жараёнларида иштироки билан боғлиқ масалаларнинг тўғри ва ҳаққоний таҳлилини халқимиз ва келажак авлодга етказиш бурчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти мамлакат миллий давлатчилигининг вужудга келиши ва тараққий топишининг энг янги тарихини ўрганиш, илмий, илмий-оммабоп, ўқув-методик, маърифий адабиётларни тайёрлаш ва чоп этиш борасидаги етакчи илмий-тадқиқот муассасаларидан бири. Институтда Ўзбекистон энг янги тарихининг турли жабҳаларини тадқиқ этувчи “Янги ва энг янги тарих”, “Этнология ва антропология”, “Тарихшунослик ва манбашунослик” бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда энг янги тарихни ўрганишда тарих, халқаро муносабатлар назарияси, социология, антропология, этнология, фалсафа, иқтисодий назария, сиёсий муаммоларни қамраб олган янги фанлараро ёндашувлар таҳлили амалга оширилмоқда. Яна аҳамиятли жиҳати, институтнинг олти нафар етакчи олими Жамоатчилик кенгаши аъзоси ҳамдир.

Олимлар томонидан “Буюк ва муқаддас, мустақил диёр”, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи: назарий-методологик асослари, ўрганиш тажрибаси, манба ва услублар”, “Ўзбекистон ёшлари ижтимоий-маданий ислоҳотлар жараёнида”, “Ўзбекистоннинг энг янги тарихидан лавҳалар”, “Фарғона водийси шаҳарларида иқтисодий трансформация жараёнлари (1991-1996 йиллар)” каби қатор тўплам ва монографияларнинг нашр этилиши Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид амалга оширилган қатор илмий-тадқиқот лойиҳалар натижаси, дейиш мумкин.

Институтда хориж давлатлари билан ҳамкорликда ишлаш янада такомиллашиб бораётир. Бугун “Янги ва энг янги тарих” бўлими ходимларининг илмий ишланмаларини чет элда нашр этилган йигирмадан ортиқ монографияда ўқиш имконимиз бор эканлиги қувонарли. Бундан ташқари, Россия, Германия, Япония, АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Швейцария, Швеция, Голландия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон каби давлатлар илмий нашрларида юздан ортиқ мақола чоп этилган. Бўлим ходимлари энг янги тарихнинг долзарб масалаларига бағишланган ва жаҳоннинг турли мамлакатларида ўтказилган ўнлаб нуфузли халқаро конференцияларда фаол қатнашиб келмоқда.

Бугунги кун талаб ва эҳтиёжлари асосида институт ходимлари ва етакчи малакали мутахассислар томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг энг янги тарихи” дарслиги чоп этилиш арафасида. Жамоамиз Ўзбекистон тарихи давлат музейи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи билан ҳамкорликда ишлаб, уларга доимий амалий кўмак бериб келмоқда. Шу билан бирга, институтимизнинг хорижий мамлакатлар илмий марказлари билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бораётир.

Бу каби саъй-ҳаракатлар албатта эътиборли. Лекин шу кунгача Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этилган эмас. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар тўлақонли бажарилмаганлиги сабабли илм-фаннинг таълим ва бошқа ижтимоий соҳалар билан интеграцияси механизмлари етарли даражада фаоллашмади. Кенгашнинг ишчи органи – Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ чекланган имкониятлари сабаб бу давр бўйича мавжуд адабиётларни қайта кўриб чиқишни талаб даражасида амалга оширмади. Айниқса, Ўзбекистон тарихи бўйича замонавий чет эл илмий ва ўқув адабиётларини ўрганиш ва таҳлил этиш моҳият жиҳатидан қониқтирмайди.

Бундан ташқари, бизда, афсуски, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи турли аспектларини ўрганиш билан шуғулланаётган мутахассисларнинг (тарихчилар, социологлар, сиёсатшунослар, файласуфлар, иқтисодчи олимлар, ҳуқуқшунослар) тарқоқлиги, улар фаолиятини мувофиқлаштириш талаб даражасида эмаслиги яққол кўриниб қолмоқда. Бугун илмий гуманитар ҳамжамият вакилларининг ҳамкорлигисиз ва биргаликда сарфланадиган куч-ғайратисиз ҳозирги замон тарихининг мазмунини тушуниш мураккаблиги барчага аён.

Ана шундай бир пайтда давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарори кенгаш ва тарихчиларга муҳим йўриқномаларни белгилаб берди. Институт олимлари ва кенгашнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, тарихимизни муфассал ифода этадиган тадқиқотлар, китоблар, монография ва дарсликлар яратиш масаласини тез ва сифатли ҳал этмоқ талабини қўймоқда.

Мазкур қарорда белгиланганидек, институт ва кенгаш аъзолари қатор режалар, амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга жиддий киришган. Унда сиёсат, иқтисод, маданият, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида содир бўлаётган воқеалар асосида Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш бўйича комплекс ёндашувни таъминлаш инобатга олинган. Ушбу вазифаларнинг илмий идрок этилиши ва ҳал қилиниши муайян даражада тарих фани мавжуд тушунча-методологик арсеналининг танқидий таҳлили ва тегишли тарзда Ўзбекистоннинг энг янги тарихига оид турли воқеаларни тадқиқ этиш билан шуғулланаётган барча илмий йўналишларнинг назарий салоҳияти янгиланиши билан боғлиқдир.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганиш ва уни ўқитишнинг долзарб муаммолари бўйича кенг мунозараларнинг заруратини чуқур англаган ҳолда олимлар, педагог ходимлар ва маорифнинг бошқа вакилларини тарих илми ва фани масалаларини кенг оммага етказиш ҳамда матбуотда фаол муҳокама қилиш зарур. Жамиятимиз, айниқса, ёш авлод она Ватанимизнинг яқин ўтмишини тушунишга, мураккаб, жўшқин ва жадал суръатлар билан давом этаётган мамлакатимиз мустақиллигининг тарих солномасини тизимли ўрганишга, уни тўлақонли англаб етишга катта эҳтиёж сезмоқда. Мазкур шарафли ижтимоий вазифани амалга ошириш эса ўзбек тарихчиларининг илмий ва фуқаролик бурчидир.

Равшан Абдуллаев,

Ўзбекистон Фанлар академияси
Тарих институти директори,
тарих фанлари доктори.

ЎзА
3 480






Все о погоде - Pogoda.uz