Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.02.2018 18:11 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонлик олим Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси этиб сайланди

Ўзбекистонлик математик олим, Фанлар академияси Математика институти етакчи илмий ходими, физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Розиқов 2018 йил 26 январь Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) аъзоси этиб сайланди. Бу ҳақда халқаро ташкилотнинг расмий сайтида хабар қилинди.

Бутунжаҳон фанлар академияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида фаолият кўрсатувчи йирик халқаро илмий муассасадир. Бугунги кунда мазкур нуфузли илмий тузилма сайёрамизнинг барча қатъаларидан минг нафардан зиёд етакчи олим, муҳандис ва ихтирочиларни бирлаштириб келмоқда. Куни кеча ташкилотнинг янги аъзоларини аниқлаш бўйича барча ҳақиқий аъзолар иштирокида ўтказилган сайловда ўзбек олими ана шундай юксак шарафга муносиб топилди. Унда илмий тузилма таркибига дунёнинг 24 мамлакатидан 55 нафар янги аъзо сайланди. Ўткир Розиқов Марказий Осиёдан янги сайланган икки олимнинг биридир. Бугунга қадар Ўзбекистон олимларидан тўрттаси (Аюпов Ш.А. - 2003 йилда, Абдурахмонов И.Й.- 2014 йилда, Ганиев Р.А. - 2008 йилда, Розиков Ў.А. - 2018 йилда) TWASнинг ҳақиқий аъзолари сифатида сайланган.

Ҳамюртимиз математик анализ, алгебра ва эхтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларда қўллашда юксак натижаларга эришган жаҳонда кўзга кўринган математик олимдир. 

Ў.Розиқов 200 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи, аҳамиятлиси шундаки, нашрларининг катта қисми юқори импакт-факторли халқаро журналларда чоп этилган. Олинган натижалари ҳалқаро миқёсда юқори баҳолангани боис Ў.Розиқов 20 дан ортиқ етакчи халқаро университет ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган - энг обрўли илмий минбарларда ўз соҳаси бўйича маърузалар ўқиб келмоқда.

Ў.Розиқов юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳам бир неча йилдан буён сермаҳсул фаолият юритиб келади. Унинг илмий раҳбарлигида 8 та фан номзоди ва 1 та фан доктори диссертациялари ҳимоя қилинган, бугунги кунда шогирдлари орасидан 3 таси PhD ва 2 таси фан доктори илмий даражаларини олишга тайёрланмоқдалар.


photo5451802993738492036.jpgЎткир Розиқов 1970 йилда Бухоро вилояти, Бухоро туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси В.И.Романовский номидаги Математика институтида аввал аспирантурани сўнгра докторантурани муваффақиятли якунлаган. Физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Розиқов институтда 2001 йилдан буён етакчи илмий ходим лавозимида ишлаб келмоқда.

Фундаментал фан соҳасидаги қўлга киритган ютуқлари учун Ў.Розиков 1995 йилда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси мукофоти, 2000, 2001, 2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS) муассислигидаги ёш олимлар учун халқаро мукофоти берилган. 

2003 йилда “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” нишони, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ҳамда “Springer Nature Top Author” халқаро мукофоти билан тақдирланган.

ЎзА
19 134