Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.04.2017 16:57 Чоп этиш версияси

Ёш тадқиқотчилар – келажагимиз таянчи

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида иқтидорли ёшларнинг фан ҳафталиги бошланди. Унинг доирасида “Фан ва техника тараққиётида интеллектуал ёшларнинг ўрни” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Тошкент давлат техника университети томонидан ташкил этилган тадбирда турли ташкилот ҳамда муассасалар вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари ва қатор олий ўқув юртлари олимлари, тадқиқотчилар ҳамда талабалар қатнашди.

Университет ректори Ф.Ризаев, Интеллектуал мулк агентлиги бош директори ўринбосари М.Бобожонов ва бошқалар мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Биринчи Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Анжуманда муҳандислик тизимлари ва физикаси, механика ва машинасозлик технологиялари, энергия тежамкор технологиялар ва қайта тикланувчан энергия манбалари, муҳандислик геологияси ва кончилик иши, нефть ва газ, кимёвий технология ва саноат экологияси, иқтисодиёт, менежмент ва маркетинг, фундаментал фанлар йўналишлари бўйича маърузалар тингланди. Унда 400 дан зиёд иқтидорли ёш йигит-қиз олиб бораётган илмий изланишлари, техник лойиҳалари ва ишланмалари билан иштирок этди.

Мазкур ҳафталик доирасида “Энг яхши инновацион ғоя”, “Энг яхши маъруза” номинациялари бўйича танлов ҳам ўтказилади. Унда университетнинг иқтидорли талабалари илмий-тадқиқот ишлари билан фаол қатнашади. Улар орасидан энг долзарб ва илмий жиҳатдан салмоқли, деб топилганлари X Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида қатнашиш учун тавсия қилинади.

Султонбек Эркинов университетнинг иқтидорли талабаларидан. У 2015 йили яратган «Телефон орқали бошқариладиган робот» номли ихтироси билан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг «Юрт келажаги» кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритган эди. Бу йил техника оламига илк қадам қўяётган, ихтироларга қизиқувчи болажонлар учун ақлни чархлайдиган «Deviser», яъни «Ихтиро» деб номланган схема яратди.

– Мен таклиф этаётган лойиҳада 123 элемент жойлаштирилган бўлиб, болалар светофор, ақлли чироқ, электрон пианино, ўрдак овози, электрон қўриқчи каби 20 дан зиёд ҳаракатланувчи жисмларни, схемаларни йиғса бўлади. Яқинда ушбу лойиҳа учун «Камолот" стипендиясига сазовор бўлдим. Бугунги анжуманда мамлакатимиздаги энг кучли, билимли, ихтирочи ёшлар қатнашмоқда, улар билан фикр алмашамиз, техника оламидаги янгиликлар билан танишамиз.

Ҳафталик доирасида «Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси», «Фундаментал, амалий ва инновация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш» мавзуларида семинар-тренинглар ташкил этилади.

Азима Қиёсова, ЎзА
5 368






Все о погоде - Pogoda.uz