Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.03.2018 19:07 Чоп этиш версияси

Янги қонун – илмий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантиради

Тошкент молия институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда илмий фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, жумладан, “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомилига етказиш билан боғлиқ вазифалар муҳокама қилинди.

Партия сайловолди дастурида илмий фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, унинг саноат ва иқтисод билан алоқасини кучайтириш, ишлаб чиқариш, илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

“Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги экспертлари ва партия депутатлари ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси айни вақтда илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси, аввало, соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ва меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири – бу илмий фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилганидир. Шунингдек, қонун лойиҳасида илм-фан соҳасини давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари аниқ баён этилган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида илмий ғоялардан фойдаланиш имкониятлари, халқаро ҳамкорлик ва чет эл инвестицияларини жалб этиш, илмий кадрларга қўйилган замонавий талаблар, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, фан, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга оид қоидалар акс этган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, янги қонуннинг қабул қилиниши илмий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради.

Тадбирда амалиётчилар, мутахассислар, олимлар ҳамда депутатларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди. “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини жамоатчилик иштирокида янада кенгроқ муҳокама қилиш ҳамда уни маромига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш ҳамда қабул қилинишига эришиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 679