Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.12.2012 12:11 Чоп этиш версияси

Талабалар учун яна бир қулайлик

Мамлакатимизда ёш авлодга замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия бериш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишда ўтказилаётган интеллектуал мусобақалар, кўрик-танловлар ёшларнинг бу борадаги билимларини ошириш, қобилиятли йигит-қизларни аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ҳамда “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази томонидан юртимиздаги олий ўқув юртларида “Келажак овози” ахборот хоналари ташкил этилиши ҳам ушбу йўналишдаги хайрли ишлардан бири бўлди.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги барча олий ўқув юртларида, жумладан, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида ана шундай ахборот хонаси фаолият кўрсатмоқда. Бундай хоналар замонавий компьютер ва бошқа ахборот воситалари билан таъминланган бўлиб, уларда талабалар ўз билим ва иқтидорларини намоён этишлари, янги ғоя ва ташаббуслар ҳақида тенгдошлари билан фикрлашишлари, “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг ёшларга оид лойиҳалари ва уларда иштирок этиш тартиблари билан танишишлари мумкин. Шунингдек, бу хоналарда талабаларнинг интернет орқали дунёнинг турли ҳудудларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлишлари учун имконият ҳам яратилган.

– Ҳозир ёшлар учун ахборот олиш, жамиятда кечаётган воқеаларга ўз муносабатини билдириш имкониятлари кенг, – дейди Самарқанд давлат университети “Келажак овози” ахборот хонаси раҳбари Сардор Чоршанбоев. – Ҳар ким шахсий мобиль телефони ёки компьютери, таълим муассасаларидаги ахборот ресурс марказлари ёхуд жойлардаги интернет клубларда бу ишни муаммосиз амалга ошириши мумкин. Лекин “Келажак овози” ахборот хонасида Wi Fi зонаси ташкил этилган бўлиб, унда талабалар интернет тармоғига бепул уланиб, ўзларига керакли маълумотларни ҳамда дунёнинг исталган электрон кутубхоналарига кириб, ўзи учун керакли дарслик ва ўқув қўлланмалар, бадиий адабиётларни топиб, улардан фойдаланади. Тенгдошлари билан илмий баҳc-мунозараларга киришади.

Бу ерда, шунингдек, хорижий тилларни ўрганишни хоҳловчилар учун ҳам имкониятлар мавжуд. Чунки замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш учун бир неча тилни билиш лозим. Шундан келиб чиқиб, малакали мутахассислар томонидан инглиз тили бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Кейинчалик бошқа чет тилларини ҳам ўргатиш йўлга қўйилади.

Ана шундай имкониятлар туфайли ахборот хонаси хизматларидан фойдаланувчилар сафи кун сайин кенгайиб бораётир. Ҳозиргача университетнинг икки юз нафардан зиёд талабаси унга аъзо бўлди.


ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)
8 871