Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.09.2017 18:50 Чоп этиш версияси

Қори-Ниёзий талабчан ва ватанпарвар устоз эди

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида «Академик Тошмуҳаммад Қори-Ниёзийнинг ҳаёти ва ижоди» мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, ёш тадқиқотчилар, хорижлик олимлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев ва бошқалар мамлакатимизда илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, илм аҳли ва ёш тадқиқотчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, уларга зарур ижодий муҳит, шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.

Мамлакатимизда замонавий таълим тизими, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшган, хусусан, математика, тарих, маданиятшунослик ҳамда педагогикага оид бой илмий ва адабий мерос қолдирган маърифатпарвар олим хотираси ҳамиша барҳаёт. Бугун унинг шогирдлари, ёш олимлар илм-фан соҳасидаги тараққиёт анъанасини муносиб давом эттирмоқда.

Қомусий олим билан бирга ишлаган, кўп суҳбатдош бўлганлар ўша дамларни яхши хотирлайди.

– Қори-Ниёзий домла жуда самимий, дилкаш, ўз навбатида қаттиққўл, ватанпарвар устоз эди, – дейди академик Азиз Қаюмов. – Тинимсиз ўқиш, изланишда бўлди, машаққатли меҳнатдан қочмади. Шу боис, Ўзбекистон илм-фани ривожига кўп меҳнати сингди. Шогирдларига доимо камтарликни, фидойиликни насиҳат қиларди.

Т.Қори-Ниёзий кўп йиллар Ўзбекистон илм-фан муассасаларининг масъул лавозимларида ишлади. Жамоат арбоби сифатида жонбозлик кўрсатди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти бўлди. Академикнинг 3 томлик «Математик анализнинг асосий курси» китоби Беруний номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Мирзо Улуғбекнинг илмий меросини ўрганиб, «Улуғбекнинг астрономик мактаби» фундаментал монографиясини яратди. Академик олимнинг илм-фан соҳасидаги юксак хизматлари мустақиллик йилларида муносиб баҳоланиб, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.

– Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий фан билан шуғуллана бошлаган вақтда математика фанининг ўзбек тилидаги терминологияси йўқ эди. У киши жуда катта матонат билан мактаб, олий таълим дарсликларига ўзбек тили терминалогиясини киритди, дарсликлар яратди, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси В.Романовский номидаги математика институти директори, академик Шавкат Аюпов. – Яхшидан боғ қолади, деганларидек, академик олим яшаган уй ҳам бугун илм-фан ўчоғига айланган. Бу уй домланинг фарзандлари ташаббуси билан «Академик Қори-Ниёзий мероси» номидаги илмий-методик марказга айлантирилган. Бу ерда ёш олимларимиз, талаба-ёшлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тажриба алмашиб, билимларини мустаҳкамлаб боради. Шу маънода домланинг хизматларини барчамиз юксак қадрлаймиз, у киши қолдирган илмий меросни янада сайқал топтириш йўлида астойдил хизмат қиламиз.

Анжуманда Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий илмий мероси ҳақида маърузалар қилинди. Академик олим хотиралари битилган, унинг ҳаёт йўли акс этган «Орзу билан ёритилган йўл» китоби тақдимоти бўлиб ўтди, «Давр каби тақдир» ҳужжатли фильми намойиш этилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА
2 026






Все о погоде - Pogoda.uz