ЎзА Ўзбек

12.06.2019 16:54 Чоп этиш версияси

Кутубхоналар китобхон ҳузурига боради

Кутубхоналар китобхон ҳузурига боради

2019 йил 7 июнда давлатимиз раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган қонунчиликдаги янгиликларга оид брифингда қарор моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз борди. 

Қарорга мувофиқ, 2019–2024 йилларда Ўзбекистонда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси ҳамда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг икки фоизи Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратилади.

Миллий кутубхона қошида 186 туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил этилади. 

Шунингдек, мактаблар ва коллежлар қошида фаолият кўрсатаётган барча ахборот-ресурс марказлари тугатилади. Уларнинг китоб фондлари ва штат бирликлари янгидан ташкил қилинаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларига берилади.

Тадбирда қайд этилганидек, бу мактаблардаги кутубхоналар тугатилишини англатмайди. Бу каби кутубхоналар ўз фаолиятини давом эттиради.

Бундан ташқари, давлат ташкилотларида, шу жумладан, ҳарбий қисмларда идоравий кутубхоналар ташкил қилинади. Мавжудлари такомиллаштирилади. Уларнинг китоб фондини янгилаш ва тўлдириш учун зарур нашрлар рўйхати ҳар йили шакллантириб борилади. 

Кутубхоналар китобхонларнинг қизиқишини инобатга олинган ҳолда тўлдириб борилади. Бунинг учун аҳоли ўртасида сўровлар ташкил қилинади.

Кутубхоналар маъмуриятлари томонидан аҳоли ичига кириш, китобларни олиб бориб уларга тақдим этиш тадбирлари амалга оширилади. Яъни китоблар китобхон ҳузурига боради.

Электрон кутубхоналар тармоғи ривожлантирилади. Келгусида фуқаролар ўз уйларидан чиқмаган ҳолда кутубхоналар фондидаги адабиётлар билан танишиши мумкин.

Қайд этилганидек, 21 май - Кутубхоначилар куни, деб белгиланди. Кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирланиб, рағбатлантириб борилади.

Брифингда қабул қилинган бошқа янги қонун ҳужжатлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Н.АБДУРАИМОВА, ЎзА
1 762