Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.04.2017 16:38 Чоп этиш версияси

Хизмат кўрсатиш соҳаси ривожланмоқда

Тошкент молия институтида «Ҳудудлар молиявий салоҳиятини юксалтиришда хизмат кўрсатиш соҳасининг аҳамияти» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, экспертлар, профессор-ўқитувчилар, ёш илмий изланувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Институт проректори Н.Ҳайдаров ва бошқалар мамлакатимизда ҳудудлар молиявий салоҳиятини юксалтириш ва унда хизмат кўрсатиш соҳасининг ролини оширишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидлади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид лойиҳалар мазкур соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

Иқтисодий глобаллашув шароитида мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашуви ва халқаро ихтисослашувнинг кучайиши ҳар бир миллий иқтисодиёт олдига ишлаб чиқариш тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификациялаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш ҳамда шу орқали ҳудудлар молиявий салоҳиятини юксалтириш вазифасини қўймоқда.

Мамлакатимизда миллий иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, бандликни таъминлаш, аҳолининг даромади ва турмуш сифатини оширишнинг муҳим омил ва йўналишларидан бири тариқасида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш устувор масалалардан биридир.

2016-2020 йилларда мамлакатимизда хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотни кўпайтириш, унинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улушини 48,7 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ички бозорни қўшимча қийматга эга маҳсулотлар билан тўлдириш, энг муҳими, янги савдо йўлаклари очишда эркин иқтисодий зоналар муҳим ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда ана шундай ҳудудлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда барпо этилган «Навоий», «Жиззах», «Ангрен» эркин иқтисодий зоналари юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини йўлга қўйиш, ҳудудларда замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим қадам бўлди. Анжуман давомида мазкур эркин иқтисодий зоналарнинг иқтисодиётимиз ривожидаги аҳамияти, ташкил этиладиган янги иш ўринлари ва татбиқ қилинадиган янги лойиҳалар хусусида фикр алмашилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 617






Все о погоде - Pogoda.uz