Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 16:42 Чоп этиш версияси

Илмий янгилик – тараққиёт кўзгуси

Тошкент давлат юридик университетида “Замонавий илм-фан ютуқлари – тараққиётнинг муҳим омили” мавзуида илмий-назарий конференция бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур анжуманга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва бошқа бир қатор олий ўқув юртлари вакиллари, олимлар ва ёшлар таклиф этилди.

Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов, проректор З.Эсонова, юридик фанлар доктори О.Оқюлов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Олий ўқув курслари профессори Б.Пўлатов ва бошқалар мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш олимларни тарбиялашга кўмаклашиш, улар ўртасида ҳамкорлик муҳитини ривожлантириш, инновацион ғоя ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

– Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим дастуриламал бўлади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи ўринбосари, юридик фанлар доктори А.Отажонов. – Бу ҳужжат ҳуқуқ соҳасида изланаётган олимлардан ҳам самарали ишлашни, улар яратаётган илмий янгиликлар юртимизнинг порлоқ келажаги йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлишини талаб этади.

Тадбирда “Юридик фанлар ва жамият тараққиёти: таъсир ва акс таъсир”, “Замонавий юридик таълим тизимида амалий-касбий тайёргарликни ривожлантириш масалалари”, “Жиноят қонунчилигини такомиллаштиришда илмий тадқиқотларнинг аҳамияти”, “Илмий-тадқиқот натижаларини амалиётда қўллашнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Илмий-назарий конференцияда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, таълим тизимини замон талабларига мос равишда ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
7 449






Все о погоде - Pogoda.uz