Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.04.2017 17:08 Чоп этиш версияси

Илмий-техникавий салоҳият юксалмоқда

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида «Таълим тизимининг техника йўналишида халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўқув-услубий ва илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш» мавзуида конференция ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, илмий-техникавий салоҳиятни ошириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни илмий-тадқиқот ишларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.

Мамлакатимизда илмий-техникавий салоҳиятни янада ривожлантириш ва ундан самарали фойдаланиш масаласига иқтисодий юксалишнинг энг муҳим омили сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда мазкур университет мамлакатимиз иқтисодиёти учун техника йўналишлари бўйича мутахассис кадрлар тайёрлашни амалга оширувчи етакчи олий ўқув юрти бўлиш билан бирга фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини амалга ошираётган йирик илмий-тадқиқот масканидир. Университет йилдан-йилга ўз иш фаолиятини кенгайтириб, бажарилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳажмини тобора ошириб бормоқда. Сўнгги йилларда давлат бюджети ва саноат корхоналари томонидан молиялаштирилган 150 дан ортиқ илмий лойиҳа амалга оширилди.

Университетда фаолият кўрсатаётган илмий марказ ва лабораторияларда илмий ходимлар ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминловчи техник қурилмалар, энергия ва ресурсларни тежовчи технологиялар ҳамда муқобил энергия манбаларини яратиш ва ишлаб чиқиш, ер ости бойликлари ва ресурсларидан самаралари фойдаланиш тизимини такомиллаштириш, материалшунослик, конструкцион материаллар технологияси ва машинасозлик мажмуаси бўйича янги илғор технологиялар яратиш, биотехнология, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, янги технологияларни лойиҳалаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш каби йўналишлар бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

– 2016 йилда илмий-техникавий давлат дастурлари доирасида жами 82 фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар бўйича 4 миллиард 718 миллион сўмлик илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди, – дейди университет проректори Ботир Мирзааҳмедов. – Жорий йилда 7,5 миллиард сўмлик илмий-тадқиқот ишлари бажарилиши режалаштирилган. Сўнгги уч йилда саноат корхоналарининг техник, технологик ҳамда хомашё муаммоларининг ечимига қаратилган 120 дан ортиқ хўжалик шартномаси амалга оширилди.

Конференцияда инновация фаолиятини ривожлантириш, энергия ва ресурс тежайдиган технологиялардан кенг фойдаланиш, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари кўриб чиқилди. Иқтисодиётимизнинг реал сектори корхоналаридаги мавжуд долзарб техник, технологик ва хомашё муаммоларини ҳал этишга доир таклиф ва тавсиялар берилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
3 095






Все о погоде - Pogoda.uz