Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2017 16:04 Чоп этиш версияси

Илмий мактаб анъаналари давом этмоқда

“Сайқали рўйи замин”, “Фирдавсмонанд шаҳар”, “Балдаи маҳфуза” каби юксак сифатлар билан тилга олинадиган Самарқанд илм ва маданиятнинг қадимий ўчоқларидан биридир. Кўҳна тарихнинг илк қадамларидан бошлаб жаҳонгирлар, санъат ва маданият аҳли, толиби илмлар, маърифат шайдолари интилган ва жам бўлган ушбу замин Имом Мотурудий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Хўжа Аҳрори Валий сингари буюк сиймоларни камолга етказган.

Ислом маданиятининг илк даврларидан бошлаб ўзининг илмий салоҳияти ва нуфузи билан мусулмон шарқи мутафаккирлари ва толиби илмларини жалб этган Самарқанд мадрасалари Абу Абдулло Рудакий, Умар Хайём, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Али Қушчи сингари кўплаб илм аҳли ва сўз усталарининг камол топишига хизмат қилган. Уларнинг барчаси Ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, “таҳсил учун Самарқанд”га келган. Бу жараён, айниқса, олимлар султонию, султонлар олими Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги ва у асос солган мадрасаи олия фаолияти даврида кенг тус олди.

Мирзо Улуғбек мадрасаси ва расадхонасида дунёвий илмлар ривожланишига шоҳид бўлган азим Самарқандда ХХ асрнинг 20-йилларида Ўзбекистонда иккинчи замонавий олий ўқув юрти фаолият кўрсата бошлади. 1927 йилда Олий педагогика институтининг ташкил этилиши Самарқандда олий таълим тизимининг янги босқичини бошлаб берди. 1930 йилдан Педагогика академияси, 1933 йилдан Ўзбекистон давлат университети деб юритилган Самарқанд давлат университетида илк ташкил этилган илмий марказлардан бири ўзбек-тожик адабиёти кафедраси бўлиб, ўзбек ва тожик адабиётшунослиги фанларининг шаклланиши кўп жиҳатдан шу илмий марказ фаолияти билан боғлиқ.

Абдурауф Фитратнинг Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди, аруз шеърий тизими, Садриддин Айнийнинг Абулқосим Фирдавсий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига доир фундаментал тадқиқотлари, Абдураҳмон Саъдийнинг “Алишер Навоий ижоди ўзбек классик адабиётининг юксак босқичи сифатида” мавзусидаги докторлик диссертацияси ўзбек-тожик адабиётшунослигининг шаклланишида ўзига хос пойдевор вазифасини ўтади. Абдурауф Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари”, Олим Шарафиддиновнинг икки жилдлик “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслик-хрестоматиялари юртимизда шу соҳада яратилган илк ўқув адабиётларидир. Шу тариқа Cамарқанд адабиётшунослик мактаби ҳамда XX аср навоийшунослигининг тамал тоши ўтган асрнинг 30-йилларида Самарқандда қўйилди.

Ўтган асрнинг 30-йиллари охири ва 40-йилларида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишга алоҳида урғу берилган. Бунинг натижасида “Алишер Навоий” номи билан О.Шарафиддинов рисоласи ва С.Айнийнинг монографияси чоп этилди. Шу даврда навоийшунослик майдонига кириб келган В.Абдуллаев улуғ шоир ва мутафаккир ҳаётининг энг кам ўрганилган даврлари – Самарқанддаги ҳаёти ва адабий фаолиятини тадқиқ этишга киришди. Чунки Алишер Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти ва ижоди 1941 йилгача умуман ўрганилмаган. Илмий адабиётларда у Самарқандда икки йил бўлиб, Фақиҳ Абулайс мадрасасида таҳсил кўрган, деб зикр этиларди, холос. Навоийнинг Самарқандга келиши сабаблари ҳам номаълум бўлиб, бу борада турли тахминий мулоҳазалар мавжуд эди. В.Абдуллаев “Алишер Навоийнинг ҳаёти ва Самарқанддаги адабий фаолияти” мавзуси устида илмий иш олиб борди. Натижада Алишер Навоий Самарқандда тўрт йил яшагани, Самарқанд ва Мовароуннаҳрнинг қатор шоир ва олимлари билан ижодий алоқада бўлгани, бу ердан олган таассуротлари кейинги бутун ижодига самарали таъсир кўрсатиб, ажойиб ғазал ва достонларига материал сифатида хизмат қилганини илмий жиҳатдан исботлаб берди.

Самарқанд давлат университетида миллий адабиётшунослигимиз тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатган бир гуруҳ етук олимлар жамланди. Б.Валихўжаев, Н.Шукуров, С.Мирзаев, Р.Орзибеков, О.Икромов, И.Салоҳий, С.Саъдиев, С.Ҳалимов, Ш.Шукуров, Қ.Тоҳиров, А.Абдураҳмонов, Ш.Холматов каби адабиётшунос, матншунос олимлар шулар жумласидандир.

1960 йилларда Самарқанд тилшунослик ва адабиётшунослик мактабининг учинчи авлод вакиллари фанга кириб келиб, илмий тадқиқотларга янгича руҳ ва шижоат бағишлади. Хусусан, Самарқанд адабиётшунослик мактабининг йирик вакилларидан бири, академик Ботирхон Валихўжаев “Самарқанднинг илмий виждони”, “Олиму фозиллар ботири” каби эътирофларга сазовор бўлди. Ботирхон домланинг илмий асарларида закий, кенг қамровли, чуқур мулоҳазали, одоби юксак ва ўта андишали комил инсон ва тадқиқотчининг дилкаш сиймоси кўзга ташланади. Устоз бутун умрини илму зиёга бағишлаган, нафақат ўзбек, балки форс-тожик адабиётининг долзарб муаммолари бўйича кенг қамровли тадқиқот олиб борган зукко, нуктадон олим эди.

Б.Валихўжаев ўзбек адабиётшунослигида илк маротаба эпик шеърият тарихини яхлит ҳодиса сифатида кенг қамровда тадқиқ этиши натижасида жанр ва услуб ранг-баранглиги, достоннависликнинг шаклланиши ва тараққиёт босқичлари, анъана ва новаторлик, хусусан, бадиий таржима ва назира анъаналарининг қоришиб кетиши каби масалаларнинг илмий хулосалари, мантиқий асосларини очиб берди. Олимнинг йиллар давомида олиб борган машаққатли илмий кузатишлари натижасида 1974 йили “Ўзбек эпик поэзияси тарихидан”, 1977 йили “Мирий ва унинг замондошлари” номли китоблари нашр этилди.

Ботирхон Валихўжаевнинг “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари”, “Самарқандда олий таълим – мадрасаи олия. Университет тарихидан лавҳалар” номли рисолаларида 1420 йилда таъсис этилган Мирзо Улуғбек мадрасаи олия мажмуаси миллий олий таълим тизими тарихида алоҳида саҳифани ташкил этгани, Самарқанд давлат университети ушбу мадрасанинг бевосита вориси ва давомчиси экани ўз аксини топган.

Мустақиллик йилларида устоз олимларнинг юксак илмий анъаналарини шогирдлар давом эттирди. Филология фанлари доктори, профессор Ш.Сирожиддинов Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишнинг тарихий ва адабий манбалари ҳақидаги фундаменталь тадқиқоти учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Самарқанд адабиётшунослик мактабининг бир гуруҳ вакиллари адабий жараён ва ижодкорлар ижодий лабораториясини тадқиқ этишда катта муваффақиятга эришди. Адабий жараён, адабиётшуносликнинг назарий ва амалий муаммолари билан жиддий шуғулланган олимлар – Н.Шукуров, О.Икромов, С.Мирзаев, Р.Муқимов, Ҳ.Умуров, Ш.Холматов, И.Мирзаев, Ш.Ҳасанов, А.Солиев залворли мавзуларда тадқиқотлар олиб борди. Турли йилларда мактабнинг шонли анъаналарини давом эттирган 60 дан ортиқ ёш тадқиқотчи номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Уларнинг аксарияти юртимиздаги олий таълим муассасалари, нашриёт, газета ва журналларда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз илм-фани, мактаб-маорифи тараққиётига муносиб ҳисса қўшди ва қўшмоқда.

Ана шундай илмий мактаб туфайли ХХ аср ўзбек адабиётининг юксалишида Самарқанд адабий муҳитининг роли беқиёс бўлди. Бу даврда Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ойдин, Миртемир, Усмон Носир, Ҳасан Пўлат, Амин Умарий, Насрулла Охундий каби ижодкор ёшлар талабалик чоғларидаёқ илм ўрганишни ижодий иш билан қўшиб олиб борди. Бу ижодий анъанани кейинчалик университетда таҳсил олган Шароф Рашидов, Бурҳон Турсун, Назармат, Ўткир Рашид кабилар давом эттирди.

1950 йиллардан кейинги даврларда кўплаб шоир-ёзувчиларнинг тарбия топиши ва шаклланишида ҳам университетнинг ўрни катта. Университет бу даврда Б.Бойқобилов, О.Ҳусанов, Ғ.Саломов, Н.Нарзуллаев, О.Матжон, М.Норматов, С.Сирожиддинов, Д.Файзий, Ф.Тошев, У.Отаева, Х.Бобомуродова, Б.Туробова, Э.Шукурова, И.Ҳасанов каби истеъдодли ижодкорлар етишиб чиқишида жуда катта ижодий мактаб вазифасини ўтади.

Кейинги йилларда бир қатор ёш ижодкорлар вояга етиб, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, нашриётлар ва бошқа ижодий ташкилотларда самарали меҳнат қилмоқда.

Самарқанд давлат университетида 90 йил давомида шаклланган тилшунослик ва адабиётшунослик мактаби вакиллари бугунги кунда тилимиз ва адабиётимизнинг турли қирраларини таҳлил этиш, устозларнинг бой илмий анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда ўзбек тили, ўзбек адабиёти тарихи, мантшунослик, адабиёт назарияси, адабий алоқалар каби йўналишларда тадқиқотлар олиб бормоқда.

Муслиҳиддин Муҳиддинов,
Самарқанд давлат университети профессори.

ЎзА
5 176






Все о погоде - Pogoda.uz