Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.11.2017 15:34 Чоп этиш версияси

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институтида «Иқтисодиёт тармоқларининг инновацион ривожланишида полимерлар ҳақидаги фан ва таълим интеграциясининг чуқурлашуви» мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги, Фанлар академияси, Академия қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институти томонидан ташкил этилган анжуманда мамлакатимизнинг етакчи олимлари, ёш тадқиқотчилар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари масъуллари қатнашди.

Тадбирда давлатимиз томонидан академик фаннинг мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-инновацион фаолиятини такомиллаштириш ва мавқеини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ҳаракатлар стратегиясида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этишга таълим ва фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги «Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 18 майдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз илмий салоҳиятининг янада ривож топиши ва мустаҳкамланиши, ижтимоий-иқтисодий тараққиётда илм-фаннинг ўрнини кучайтириш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мамлакатимиз академик илм-фани ва олий таълим интеграциясининг мустаҳкамланишида муҳим дастуриламал бўлаётир.

Полимерлар ҳақидаги фан иқтисодиётнинг турли соҳаларида полимер препаратлар ва материалларни қўллаш билан боғлиқ бўлган соҳаларни қамраб олувчи замонавий йўналишлардан биридир. Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институти ана шу йўналишда мамлакатимиздаги етакчи илм-фан даргоҳларидан биридир. Институт олимлари томонидан яратилган янги материаллар ва нанотехнологияларга оид илмий тадқиқотлар, ишланмалар аграр соҳа, тиббиёт, фармакология, полиграфия, енгил саноат ва тўқимачилик, автомобилсозлик, ишлаб чиқариш, саноатнинг кўплаб йўналишларида кенг жорий этилмоқда.

Фаннинг бир неча соҳаларини ўзида уйғунлаштирган полимерлар кимёси бўйича тадқиқотларни ривожлантириш жараёнида илк бор ўсимликларни кимёвий ҳимоялашда полимер препаратив воситаларни қўллашга оид фундаментал ва амалий тавсифли ғояларга асос солинди. Ушбу технологиялар хавфсизлиги, ишончлилиги, экологик жиҳатдан тозалиги билан халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилган. Узхитан препарати ўсимликлар ўсишини жадаллаштирса, полидеф препарати пахта ҳосилининг ортиши, экин майдонининг экологик ҳолати яхшиланишида алоҳида аҳамият касб этади. Маҳаллий хомашё асосидаги интерферон воситаси грипп ва ўткир вирусли респиратор касалликларининг олдини олиш ва даволашда қўл келмоқда. Саноатнинг турли соҳалари учун термопластлар ва қатламли силикатлар асосидаги қийин ёнувчан, ўта юқори ҳароратга чидамли, термобарқарор нанокомпозитлар синтези ва тадқиқотлари махсус хоссали полимер материаллар олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

– Мамлакатимизда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашувини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар бугун янги босқичга кўтарилди, – дейди институт илмий котиби Абдумутолиб Отахонов. – Жорий йилда институтимиз билан «Шўртангазкимё» мажмуаси, «Жиззахпластмасса», «Навоийазот», «Фарғонаазот» сингари йирик ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида 2018 йил охиригача янги технологияларни етказиб бериш бўйича хўжалик шартномалари тузилганини бунинг амалий инъикоси сифатида кўрсатиш мумкин. Бугунги анжуман ишида ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам иштирок этгани истиқболда мамлакатимиз илм-фани ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига фаол татбиқ этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Анжуманда фаннинг замонавий муаммолари, академик илм-фан ва таълимнинг интеграциялашуви, саноат корхоналари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети қошидаги «Фан ва тараққиёт» давлат унитар корхонаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Наманган ва Бухоро давлат университетлари олим ва тадқиқотчиларининг йигирмадан зиёд илмий маърузаси тингланди.

Беҳзод Бозоров, ЎзА
4 863






Все о погоде - Pogoda.uz