Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.06.2017 12:06 Чоп этиш версияси

Илм-фан равнақига бахшида умр

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида кўчат ўтқазиш йўли билан шоли етиштириш бўйича Ҳиндистон технологияси жорий этилди. Ҳиндистонда эса илк бор мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кичик қуёш печи кўмагида материалларни юқори ҳароратда қайта ишлаш технологиясидан фойдаланилди.

Мамлакатимиз илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган улкан физик олим, йирик давлат ва жамоат арбоби, академик Пўлат Ҳабибуллаевнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида сўз юритилганда бу каби натижалар, чет эл илмий марказлари билан ҳамкорлик самараларига кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Олим илмий фаолияти давомида иқтидорли ёшларни рағбатлантириб, уларга тўғри йўналиш кўрсатгани, илмий мактаб яратиб, дунёдаги бир қанча илмий марказлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйганини бугун ҳамкасблари, шогирдлари фахр билан эслайди.

Академик Пўлат Ҳабибуллаев замонавий физика тараққиётига, хусусан, акустик спектроскопия, молекуляр физика ва иссиқлик физикаси, оптика ва лазер физикаси, қаттиқ жисм ва ярим ўтказгичлар физикаси, нанофизика ва биофизика каби соҳалар ривожига ўзининг катта ҳиссасини қўшди. У масъул лавозимларда ишлаган пайтларида ҳам доимий равишда юртимиз илм-фанини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларда фаол, янги-янги ғояларнинг ташаббускори бўлди.

– Академик Пўлат Ҳабибуллаевнинг ташаббуси билан 1977 йилда энергетика, иссиқлик физикаси соҳасидаги илмий-техник муаммолар, оптика ва лазер билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академиясида иссиқлик физикаси бўлимига асос солинди, – дейди физика-математика фанлари доктори, профессор Абдуғофир Мамадалимов. – Қисқа фурсатда бу бўлим олимларининг илмий ютуқлари, фундаментал ва амалий тадқиқотлари халқаро миқёсда назарга тушди. Номзодлик диссертациямни ҳимоя қилганимдан сўнг, 1977 йил Пўлат Ҳабибуллаевнинг таклифи билан ушбу бўлимда иш бошладим. Устоз билан ўттиз йилдан кўпроқ бирга меҳнат қилиб, у кишидан кўп нарсани ўргандим. Яримўтказгичлар физикаси, табиий полимер толалар физикаси ва иссиқлик физикаси соҳаларида илмий мактаблар яратилишида устознинг хизмати катта.

Ўзбекистон Фанлар академияси иссиқлик физикаси бўлимида илмий ишланмаларни амалиётга жорий этувчи унитар фирма фаолияти йўлга қўйилиб, унда ҳозирги пайтда ҳам тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар инновацияси соҳасида самарали иш олиб борилмоқда. Хусусан, Пўлат Ҳабибуллаев раҳбарлигида илк бор радиоактив изотоплар ишлаб чиқариш амалиётга жорий этилди. Натижада турли юқумли касалликларга ташхис қўйиш учун зарур бўладиган ноёб родионуклид дори технологияси яратилди ва мамлакатимизда ана шундай маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

– Академик Пўлат Ҳабибуллаев янги истиқболли йўналишлар бўйича илмий ишларга алоҳида аҳамият қаратган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси лабораторияси мудири, академик Рамиз Мўминов. – Радиацион материалшунослик физикаси, юқори ҳароратли ўтказгичлар, муҳитлар ва суперион ўтказгичлар физикаси, умрининг сўнгги йилларида нанофизика каби истиқболли лойиҳалар унинг диққат марказида бўлди. Устоз жуда кўплаб ёш олимларнинг юксак натижаларни қўлга киритишида имкон қадар шароит яратишга, уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. Ҳозирги кунга келиб шогирдларининг кўпчилиги самарали фаолияти билан мамлакатимиз илм-фани, иқтисодий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Устознинг қўллаб-қувватлашини доим ҳис қилиб турганмиз. Кремний кристаллари асосида ядро нурланиши детекторларини яратиш ва ярим ўтказгичлар физикаси борасидаги ишларимни алоҳида рағбатлантирган. Бизнинг детекторларимиз ўз жиҳатлари билан жаҳон стандартларидан қолишмаслигини, у космик тадқиқотлар жараёнида, сув ости кемаларида, ер силкинишини олдиндан башорат қилишда, йирик ядро физикаси тажрибаларида қўлланилаётганини фахр билан айтарди.

Олим яратган қатор дарслик ва ўқув қўлланмалари, беш юздан ортиқ илмий иш, юзлаб мақолалар мамлакатимизда физика фани тараққиётига хизмат қилувчи қимматли манба ҳисобланади. Унинг раҳбарлигида 40 га яқин фан доктори, 200 дан ортиқ фан номзоди тайёрланган. 

Илм-фан равнақига умрини бағишлаган академик Пўлат Ҳабибуллаевнинг қимматли сабоғини олган ёш олимлар бугун унинг самарали фаолиятини давом эттирмоқда.

Икром Аввалбоев, ЎзА
6 057






Все о погоде - Pogoda.uz