Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.06.2017 21:01 Чоп этиш версияси

Фан ва технологиялар агентлиги халқаро "Web of science" тизимига обуна бўлди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги томонидан "Web of science" халқаро илмий маълумотлар базасига миллий обуна бўлишни таъминлаш” мавзуида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Вазирликлар ва давлат ташкилотлари вакиллари, илмий ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар иштирок этган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳа, хусусан, илм-фан, техника соҳаларини ривожлантириш, таълим тизимининг узлуксизлигини янада такомиллаштириш мақсадида сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорини замонавий эҳтиёжларга мос юқори малакали кадрлар билан таъминлаш муҳим вазифа этиб белгилангани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 12 июнда давлат илмий-техника дастурлари доирасида олиб борилаётган илмий тадқиқотларнинг савияси ва рақобатбардошлигини ошириш, тадқиқотчиларни замонавий илмий-техника адабиёти ва маълумотлари билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида қабул қилинган фармойишига мувофиқ илм-фан соҳаларини ривожлантириш борасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда "Web of science" халқаро тизимига обуна бўлиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

"Web of science" – халқаро нуфузли илмий адабиётлар, журналлар, китоблардан кенг фойдаланиш имконини берадиган тизим ҳисобланади. Унинг илмий базасида сўнгги икки юз йил давомида жаҳонда амалга оширилган тадқиқот натижалари мужассамлаштирилган. Бу тизимга обуна бўлиш мамлакатимиз тадқиқотчиларининг дунёдаги электрон илмий-таълим ресурсларидан эркин фойдаланиши, илмий мақолаларини нуфузли халқаро журналларда чоп этишига имконият яратади. Бунинг самарасида юртимиз олимларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ошади, хорижлик олимлар билан тажриба алмашиш кўлами кенгаяди.

– Ушбу тизим базасида бутун дунё бўйича ўн беш минг журнал қамраб олинган, – дейди Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги бош директори М.Болтабоев. – Бугунги семинарда мазкур тизимга миллий обуна бўлиш ташкил этилди. Россиянинг "Clarivate Analytics" компанияси билан ўтказилган музокаралар якунига кўра, бир йилга мазкур тизимга обуна бўлиш учун давлат бюджетидан 500 минг АҚШ доллари ажратилди. Бу тизимдан мамлакатимиздаги барча вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Фанлар академияси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва олий таълим муассасалари фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги ва "Clarivate Analytics" компанияси ўртасида "Web of science" тизимига обуна бўлиш шартномаси имзоланди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
7 757






Все о погоде - Pogoda.uz