ЎзА Ўзбек

24.04.2018 18:04 Чоп этиш версияси

Фан ойлиги билимни оширишга кўмаклашади

Фан ойлиги билимни оширишга кўмаклашади Каштачилик санъати қадим тарихга эга. Азал-азалдан қўли гул момоларимиз бу ҳунармандлик тури билан шуғулланиб келган.

Диёра Илёсова ҳам ёш бўлса-да, шу амалий санъат турига қизиқади. У тиккан кашталар нақшлари, гулли тасвирлари, атиргул, гулсафсар, чиннигул, лола, гултожихўроз, олма гули ёки анор, олча, гилос, бодом, гармдори акси туширилганлиги, чуқур маънога эгалиги билан ажралиб туради.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 49-умумтаълим мактабининг Диёра сингари юқори синф ўқувчилари учун бу каби ҳунармандлик турлари янгилик эмас. Улар дарс жараёнида меҳнат (технология) таълими доирасида азалий ҳунармандликнинг бир қанча турларини мунтазам ўрганиб келмоқда. Ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида ташкил этиладиган машғулотлар уларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айни вақтда ўқувчилар эгаллаган билимларини “Апрель – эстетика фани ойлиги”да намойиш қилмоқда. Ушбу ойлик доирасида мактабда педагоглар учун маҳорат сабоқлари, бошланғич синф ўқувчилари учун расмлар танлови, мусиқа фанидан очиқ дарслар, кўргазмалар, деворий газеталар танлови каби тадбирлар ўтказилди. Мактабдаги етти юздан зиёд ўқувчи ушбу тадбирларда фаол иштирок этди.

Бу каби фан ойликларининг мунтазам ўтказилиши, турли фанлар, мусиқа, тасвирий санъат, моҳир қўллар каби тўгаракларнинг йўлга қўйилгани таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнининг замонавий талаблар даражасида бўлиши, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ошириш, уларнинг ижодий изланишлари ва меҳнатини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

12.JPG

– Ойлик доирасида ўтказилган тизимли тадбирлар биз, ўқитувчиларни ўз устимизда янада ишлашга ундади, – дейди эстетика фанлари метод бирлашмаси раиси, меҳнат таълими фани ўқитувчиси Муқаддас Эшонхўжаева. – Дарслар интерактив усулда ўтказилганлиги педагогларнинг тажриба алмашиши, ижодий фаоллигини оширишда қўл келди. Лойиҳа доирасида турли йўналишлар бўйича педагоглар ва ўқувчилар рағбатлантирилди. 

19.JPG

– Барча фанларни бирдек яхши кўраман ва фан ойликларида фаол иштирок этишга ҳаракат қиламан, – дейди мактабнинг 9-синф ўқувчиси Олима Эргашева. – Фанларни чуқур ўзлаштириш қаторида ўзим қизиққан ҳунармандлик турлари – мунчоқли безаклар, каштачилик, тўқувчиликни ҳам ўрганаётганимдан хурсандман.

Ойлик якунида ўқувчилар учун кўрик-танлов ташкил этилди. Ўғил-қизлар бешта шарт бўйича эгаллаган билимларини намойиш этди.

Барно Мелиқулова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
21 354