Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.01.2017 14:09 Чоп этиш версияси

Бухорода олима аёллар анжумани бўлиб ўтди

Бухорода “Халқ манфаатлари – энг олий қадрият” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Республика хотин-қизлар “Олима” уюшмаси Бухоро вилояти бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда илм-фан тараққиётига қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармони ҳамда бир гуруҳ илм-фан намояндалари билан учрашуви бунинг ёрқин далилидир.

Давлатимиз раҳбари олимлар билан мулоқотда мутахассис кадрлар тайёрлаш, фундаментал тадқиқотларни ривожлантириш, илмий салоҳиятни иқтисодиёт тармоқларининг буюртмалари ва муайян муаммоларни ечишга қаратилган энг муҳим тадқиқотларга йўналтириш зарурлигини таъкидлади.

– Мамлакатимизда илм-фан ривожига қаратилаётган доимий эътибор самарасида вилоятимиздаги олий ўқув юртларининг ҳам илмий салоҳияти тобора юксалмоқда, – дейди Республика хотин-қизлар “Олима” уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Абира Ҳусейнова. – Бунда олималаримизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Ўтган йили фан докторлари сафи 2 нафарга кенгайиб, айни пайтда улар сони 10 дан ошди. Олий таълим муассасаларида 100 дан зиёд фан номзоди фаолият кўрсатиб, асосан иқтисодиёт, техника, фалсафа, педагогика ва тиббиёт соҳаларида илмий изланишлар олиб бормоқда. Олималаримиз ишланмалари ҳаётга татбиқ этилиб, яхши самара бераётир.

Ёшларни жисмонан соғлом, маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларда турли иллатлар ва бузғунчи ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш барчамизнинг муҳим вазифаларимиздандир. Анжуманда олималар ҳам илмий фаолият билан бирга, навқирон авлод камолотига масъул экани таъкидланди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида олималарнинг жойларда бўлиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, репродуктив саломатликка оид тиббий билимларни тарғиб этиши, эрта турмуш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримларнинг олдини олиш, китобхонликка қизиқишни янада кучайтириш мавзуларидаги тадбирларда фаол иштирокига эътибор қаратилади.

Анжуманда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини янада яхшилаш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
7 041






Все о погоде - Pogoda.uz