ЎзА Ўзбек

04.02.2016 17:24

Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди

Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, меҳнат фахрийлари, ота-оналар иштирок этди.

Шимолий-ғарбий ҳарбий округ қўшинлар қўмондони Т.Эргашев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида муддатли ҳарбий хизмат нуфузи ортиб, мамлакатимиз мудофаа қудрати мустаҳкамланганини алоҳида таъкидлади. Муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилгани Қуролли Кучлар сафларини жисмонан ва маънан соғлом аскарлар билан тўлдириш имконини бермоқда.

– Болалигимда ҳарбий либос кийганларга ҳавас қилардим. Бугун ўзим ҳам шу кийимда Ватан ҳимоячилари сафига қўшилаётганимдан хурсандман, – дейди чақирилувчи Шоҳрух Эгамберганов. – Армияда хизмат қилиш учун астойдил тайёргарлик кўрдим. Саралаш жараёнида танловдан муваффақиятли ўтдим.

Ҳарбий либос ярашиб турган йигитларга ота-оналари, юртдошлари оқ йўл тилади.

– Бугун ўғлимни сараланган йигитлар сафида кўрганимдан бахтиёрман, – дейди Сайёра Раҳимова. – Ҳар бир ота-она фарзандининг эл-юрт корига ярайдиган, ватанпарвар, жасур ва мард бўлиб улғайишини орзу қилади. Бизнинг шундай орзуларимиз ушалиши замирида юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, Президентимиз раҳнамолигида халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган оқилона сиёсат мужассам.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожонов сўзга чиқди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА