Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.01.2018 19:01 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда Миллий антидопинг агентлиги тузилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорни имзолади.

Мазкур қарор авваламбор, соғлом ва ҳалол спортни тарғибот қилиш ҳамда Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг кодекс ва стандартларини Ўзбекистонда самарали амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХVI Паралимпия ўйинларига тайёргарлигига барча шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир.

Шу ўринда, Спортда допингга қарши кураш бўйича халқаро конвенцияни барча аъзо давлатлар каторида Ўзбекистон Республикаси 2010 йилда ратификация этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги зиммасига Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг антидопинг бошқаруви ва менежменти (ADAMS) махсус дастурини республикамизда жорий этиш ва қўллаш масъулияти юклатилган. Мазкур дастур орқали Агентликни фаолиятини самарали ташкил этиш ва бутунжаҳон тезкор маълумотлар базаси ахборотларидан фойдаланиш имконияти яратилади ҳамда мусобақа ва мусобақалардан ташқари бўлган давр мобайнида допинг-тест жараёнларидан Ўзбекистон спортчилари ўтиши тўғрисида аниқ ахборот шаклланади ва допинг-назорат тизими ташкил этилади. Айниқса, Ўзбекистон спортчилари дори воситаларидан терапевтик мақсадларда фойдаланиши ва тақиқланган дори воситаларидан фойдаланмаслиги тўғрисида аниқ тавсиялар бериш механизми ва самарали антидопинг тизими жорий этилади.

Қарор билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг “Миллий антидопинг хизмати” негизида “Спорт психологияси бўлими”ни ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, Агентлик таркибида 3 та бўлим ва 2 та комиссия ташкил этилиши натижасида спортчилар, мураббийлар, спорт тиббиёти ходимлари ва бошқа мутахассисларга соғлом ва ҳалол спортни тарғиботи ҳамда тақиқланган дори воситалари ёки услублар назоратини таъминлаш каби допингга қарши курашиш борасидаги қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилган.

Бу борада Агентликка допинг орқали спортчиларга етказиладиган зарар, инсон соғлиғи учун допинг қабул қилишнинг салбий оқибатлари тўғрисида спорт жамоатчилигини хабардор этиш, Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, ҳалқаро ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори мамлакатимизда соғлом ва ҳалол спортни тарғиб этиш ва ҳар томонлама рағбатлантириш масаласига давлат томонидан қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол намунасидир.

Қарорнинг тўлиқ матни матбуотда эълон қилинади.

ЎзА
11 207