Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.10.2017 20:54 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ёшлари диний бағрикенглик муҳитида тарбияланмоқда

Мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари 4 октябрь куни Тошкент ислом университетига ташриф буюрди.

Ўзбекистонда дин ва эътиқод эркинлиги, диний бағрикенглик тўлиқ таъминланган. Юртимизда яшаётган турли миллат ва дин вакилларининг эмин-эркин эътиқод қилиши учун барча шароит яратилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" номли махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича илгари сурган ташаббуслари бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизда ёш авлодга муқаддас динимизнинг асл моҳиятини ўргатишда Тошкент ислом университети муҳим ўрин тутади.

Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари университетда нашр этилган илмий-оммабоп адабиётлардан иборат кўргазма билан танишди. Университет Манбалар хазинасида сақланаётган қўлёзма асарлар, тарихий манбалар, хаттотлик намуналарини кўздан кечирди.

Университетда ташкил этилган Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти – ISESCOнинг “Ислом цивилизациясини ўрганиш” кафедраси фаолияти, ўқув жараёни делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар университет ҳудудидаги Юнусхон, Шайх Хованди Тоҳур ва Тўлабий мақбараларини зиёрат қилди.

Профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан ўтказилган давра суҳбатида олий ўқув юртида ёшларнинг дунёвий ва диний билимларни пухта эгаллаши, илмий тадқиқот олиб бориши учун яратилган шароитлар, диний бағрикенглик масаласини таъминлаш борасида университет томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Аҳмад Шаҳид бошчилигидаги делегация аъзолари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев билан учрашди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, уларни умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ушбу ташкилотга асос солинган 30 июнь санаси мамлакатимизда Ёшлар куни, деб эълон қилинди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида давлат ва жамият ҳаётида ёшлар фаоллиги оширилмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсати уюшмаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан боғлиқ ишларда ҳам яққол ифодасини топмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни диний экстремизм, терроризм ғояларидан асраш, зарарли оқимларга кириб қолганларни жамиятга қайтариш йўлида фаол иш олиб борилаётгани таъкидланди.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда ёшлар учун дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимизнинг бу борадаги бой тажрибасига юқори баҳо берди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосий мақсад ва вазифалари хусусида атрофлича маълумот олди.

Делегация аъзолари шу куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитасида ҳам учрашувлар ўтказди.

Матназар Элмуродов, ЎзА
2 818






Все о погоде - Pogoda.uz