Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.03.2017 19:00 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари бир-бирларини қутладилар

Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини табрикладилар.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг қутловида бундай дейилади: “Туркия Республикаси ва қардош Ўзбекистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларини ва қардош Ўзбекистон халқини шахсан ўз номимдан ва Туркия халқи номидан самимий табриклайман ва эзгу истакларимни йўллайман".

Режеп Таййип Эрдўғон 2016 йил 18 ноябрда Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар чоғида ўзаро муносабатларни кенгайтириш борасида ҳамкорликда ишлаш тўғрисида эришилган келишувлар амалга оширилишига ишонч билдирган, Туркия мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги йўлидаги ҳамкорликни ўзаро ишончли асосда икки томонлама, минтақавий ва халқаро миқёсда ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қутловида "1992 йилнинг март ойида дипломатик муносабатлар ўрнатилгандан сўнг қисқа вақтда, яъни ўша йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида Туркия Республикаси элчихонаси очилган"ини алоҳида таъкидлаган.

Давлатимиз раҳбарининг табригида бундай дейилади: "Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг шу йил 26 февраль – 2 март кунлари Туркияга ташрифи ўзаро келишувларимизнинг мантиқий давоми бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, менинг вакилим билан учрашганингиз ва алоҳида ҳурмат кўрсатганингиз учун Сизга самимий миннатдорлик билдираман".

Президентимиз Ўзбекистон билан Туркия сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, ҳарбий-техник, сайёҳлик, логистика ва бошқа соҳаларда ўзаро муносабатларни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган ва бир-бирини тўлдирадиган улкан салоҳиятга эга эканини қайд этган. Шу нуқтаи назардан ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Президенти томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан кенг кўламли ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирган.

ЎзА
2 778






Все о погоде - Pogoda.uz