Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Тожикистон Бош прокурорлари учрашди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори О.Муродов Тожикистон Республикаси Бош прокурори Ю.Раҳмон бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.

Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида сўзлаб берилди.

Мазкур соҳада олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар доирасида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат дастури ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинганлиги таъкидланди.

Ҳуқуқий давлатни шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратишда прокуратура органларининг тутган ўрни алоҳида қайд этилди.

Аниқ механизмларни жорий қилиш йўли билан терроризм ва диний экстремизмга қарши курашиш ҳамда минтақада хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, делегация аъзолари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳамда Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси фаолияти билан танишди.

Тожикистон Республикаси Бош прокурори Ю.Раҳмон самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, учрашув ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланиши ва мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашувда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегара ҳудудидаги прокуратураларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларида ҳуқуқий ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.

Битимни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳақида келишувлар белгиланди.

ЎзА
15 184