Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.05.2018 23:39 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Россияни уруш йилларида жасорат кўрсатган ота-боболаримиз хотираси боғлаб туради

Ўзбекистон ва Россияни уруш йилларида жасорат кўрсатган ота-боболаримиз хотираси боғлаб туради Шу кунларда Россия Федерацияси мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турибди. Россия ҳарбий маҳкамаси раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи мамлакатларимиз ўртасида барча йўналишларда, жумладан, ҳарбий соҳада мустаҳкамланиб бораётган стратегик шерикликнинг мантиқий давомидир. Зеро, уруш йилларида жасорат кўрсатган ота-боболаримизнинг ёрқин хотираси халқларимиз ва мамлакатларимизни боғлаб туради.

Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Россия мудофаа вазири билан учрашувда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Москвага қилган ташрифидан сўнг икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, янги мазмун билан бойиганини таъкидлади. Бу муносабатларга замин ота-боболаримиз елкама-елка туриб, дунёни фашизмдан қутқараётган пайтларда асос солинган. Шунингдек, Россия армиясининг тажрибаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу, ўз навбатида, самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик аниқ мазмун ва муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. "Бу, аввало, Ўзбекистон чегаралари ёнида мавжуд бўлган таҳдид ва хатарлар билан боғлиқ, албатта. Суриядан қўшни мамлакатларга, минтақаларга, шу жумладан, Ўзбекистонга хавф солаётган халқаро терроризм таҳдиди тобора кучайиб бораётганини қайд этмай бўлмайди.

7.JPG

8.JPG

Бугун биз Афғонистондаги вазият барқарорлашмоқда, хавфсизроқ бўлмоқда, деб айта олмаймиз. Шуни ҳисобга олиш керакки, Суриядан кетаётган гуруҳлар Афғонистонга ҳам ўтмоқда. Албатта, бундай вазиятда зарурат туғилганда давлат манфаатлари ҳимоясига туришга қодир ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш алоҳида ўрин тутади", деб таъкидлади Россия мудофаа маҳкамаси раҳбари.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Россия билан ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкорликни давом эттирди.

2000 йилдан буён Ўзбекистон – Россия ҳарбий ҳамкорлиги икки давлат мудофаа вазирликлари томонидан ҳар йили тасдиқланадиган ҳарбий ҳамкорлик режалари асосида амалга оширилмоқда. Уларни рўёбга чиқариш доирасида ҳарбий хизматчиларнинг тезкор ва жанговар тайёргарлиги даражасини, малакасини ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш, ҳаво транспорти ҳаракатини бошқариш ва парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, тиббий таъминот бўйича қўшма тадбирлар ташкил этилмоқда. Ўтган даврда юқорида тилга олинган режалар доирасида икки давлат ҳудудида 290 дан ортиқ қўшма тадбир уюштирилди.

2005 йил 23 сентябрь куни "Фориш" тоғ-дала ўқув полигонида Ўзбекистон – Россия аксилтеррорчилик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди, уларда ҳар томондан 200 нафардан ҳарбий хизматчи иштирок этди. 2006 йил 21 сентябрь куни Краснодар ўлкасининг полигонларидан бирида "Жанговар ҳамжамият – 2006" Россия – Ўзбекистон қўшма аксилтеррорчилик ўқув машғулотлари ўтказилди.

2017 йилнинг 29 июлидан 12 августига қадар ҳарбий хизматчиларимизнинг бир гуруҳи Озарбайжон, Беларусь, Россия, Хитой ва Қозоғистон ҳудудида МДҲ мамлакатлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ўтказилган "АрМИ-2017" халқаро армия ўйинларида иштирок этди.

Ҳарбийларимиз ушбу мусобақада илк бор иштирок этишига қарамай, ўзини муносиб кўрсатди: дунёнинг 28 мамлакати вакиллари ўртасида кечган беллашувларда улар "Ҳарбий разведка аълочиси", "Хавфсиз йўлак", "Содиқ дўст", "Йўл патрули" танловларида фахрли учинчи ўринни эгаллади.

Ўтган йил октябрь ойида Жиззах вилоятидаги "Фориш" полигонида Ўзбекистон – Россия қўшма махсус тактик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Уларда Россия томонидан Марказий ҳарбий округнинг тоғ ўқчилари бригадаси ҳарбий хизматчилари иштирок этди. Машғулотлар давомида террорчилар йўлини тўсиш ва уларни йўқ қилиш кўникмалари мустаҳкамланди.

2017 йил 24 октябрь куни Тошкентда Минтақавий хавфсизлик бўйича Ўзбекистон – Россия маслаҳатлашувларининг бешинчи раунди бўлиб ўтди. 2017 йил сентябрь ойида эса Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонасида ҳарбий атташе лавозими таъсис этилди.

12.JPG

15.JPG

Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро мулоқотлар жорий йилда ҳам давом этди. Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони, генерал-майор Б.Қурбонов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳарбий делегацияси Россия армиясининг Марказий ҳарбий округида бўлди, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлигини ташкил этиш тажрибаси билан танишди. Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари МДҲ мамлакатлари ўртасидаги турли армия мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия жамоалари иштирокида Москва шахридаги ЦСКА спорт мажмуасида ўтказилган "Қўмондонлар стартлари"да йигитларимиз иккинчи ўринни эгаллади. Ҳарбий спортчиларимиз жами 1 олтин, 14 кумуш ва 5 бронза медалини қўлга киритди. Санкт-Петербургда ўтган информатика бўйича халқаро олимпиадада Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети курсантлари учинчи ўринни эгаллади.

Жорий йил 17 апрель куни Тошкентда МДҲга аъзо мамлакатлар Мудофаа вазирлари Кенгаши ҳузуридаги Ҳарбий ҳужумдан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи қўмитанинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатларимиз ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Россия мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ҳам бўлди.

Мудофаа вазири Россия Ўзбекистондан янада кўпроқ ҳарбий хизматчиларни ўқитиш, шунингдек, халқаро терроризм таҳдиди тарқалаётгани муносабати билан ҳарбий мутахассислар тайёрлаш учун мамлакатимизга ўқитувчилар йўллашга тайёр эканини таъкидлади. "Биз нафақат тажрибамиз билан бўлишиш, балки мутахассислар тайёрлашга тайёрмиз. Айнан шу сабабли бугун Россия ўқув муассасаларида таҳсил олаётган ҳарбий мутахассислар сонини бир неча баробар кўпайтиришни режалаштирмоқдамиз", дея келтиради Шойгунинг сўзларини ТАСС ахборот агентлиги.

Россиялик меҳмон қадимий Самарқандга ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйди, шаҳарнинг тарихий ёдгорликлари билан танишди.

Россия мудофаа вазирининг Ўзбекистонга ташрифи Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг мамлакатимизга бўлажак давлат ташрифи олдидан амалга оширилаётгани муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, юқорида таъкидланганидек, мамлакатларимизни уруш йилларида жасорат кўрсатган ота-боболаримиз ёди, шунингдек, барқарорликни мустаҳкамлашга доир қарашларнинг ўхшашлиги, халқаро экстремизм ва терроризмга қарши курашиш муаммосига ёндашувларнинг муштараклиги боғлаб туради.

Аблай Камолов, ЎзА
5 726