ЎзА Ўзбек

16.02.2018 19:49 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари бир-бирларини қутладилар

2018 йил 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар.

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбековнинг қутлов мактубида "Кўп асрлик анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик, қардошлик алоқалари, шунингдек, маънавий ва маданий қадриятлар муштараклиги бугунги Қирғизистон – Ўзбекистон муносабатларининг мустаҳкам асосидир", деб қайд этилган.

"Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши, айрим назорат-ўтказиш пунктларидаги чекловларга барҳам берилиши, савдо-иқтисодий ҳамкорликка жадал суръат бахш этишга хизмат қилган ўзаро қатъий сиёсий ирода туфайли 2017 йил Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар ривожида тарихий йил бўлди, – деб таъкидланади қутловда. – Натижада мамлакатларимиз бугунги қутлуғ санани нафақат дўст давлатлар, балки стратегик шерик ва яхши қўшнилар сифатида ҳам нишонламоқда".

Сооронбай Жээнбеков сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, давлат чегараларини юридик жиҳатдан узил-кесил расмийлаштиришни жадаллаштириш, чегараолди ҳамкорлик, сув-энергетика соҳасидаги ўзаро алоқаларни фаоллаштириш, мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва "Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон" темир йўлини қуриш бўйича қўшма режалар қардош халқларимиз манфаати йўлида амалиётга жорий этилишига ишонч билдирган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз қутловида "Сиёсий ирода ва аниқ амалий қадамлар туфайли икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариб, ўзаро ишончга мустаҳкам замин яратдик", деб таъкидлайди чуқур мамнуният билан. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очган ва ўтган йили муваффақиятли амалга оширилган олий даражадаги уч ташриф шундан далолат беради.

"Товар айирбошлаш кўрсаткичлари жадал ўсиб, ишлаб чиқариш кооперацияси кенгайиб бормоқда. Узоқ йиллар мобайнида илк бор саноат кўргазмалари ва бизнес-форумлар ўтказилди", дейилади қутловда.

"Икки давлат ҳудудлари даражасида узоқ истиқболга мўлжалланган ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмлари ишга туширилди. Маданий-гуманитар алмашинув сезиларли равишда фаоллашди, Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари, шунингдек, ушбу соҳада қатор қўшма тадбирлар ўтказилди. Энг муҳими, буларнинг барчаси халқларимиз манфаати ва орзу-истакларига тўла ҳамоҳанг бўлиб, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда", деб таъкидлаган Президентимиз.

ЎзА
8 943