Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.09.2017 19:43 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ва Болгария Президентлари бир-бирларини қутладилар

Ўзбекистон Республикаси билан Болгария Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан икки давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар.

Болгария Президенти Румен Радев ўз қутловида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ушбу сана билан табриклаб, бундай дейди: "Мамлакатларимиз ўртасида олий ва юқори даражадаги сиёсий мулоқот, ўзаро манфаатли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик юксак эътирофга муносиб. Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда давлатлараро амалий мулоқотни мустаҳкамлаш бўйича Сизнинг раҳбарлигингизда амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини Болгария ҳурмат қилишини билдирмоқчиман. Ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётнинг асоси бўлган тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш Болгария Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси учун бирдек қадрлидир".

Президент Румен Радев "Болгария Республикаси Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бораётганини ижобий баҳолайди. Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга 2017 йил 1 июль куни Тўқимачилик баённомаси ҳам қўшилгани шундан далолат беради. Ишончим комилки, бу мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади, иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини кенгайтириш ва рўёбга чиқаришда янги истиқболлар очади", деб таъкидлаган.

Давлатимиз раҳбарининг қутловида "Биз Болгария Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олгани ҳамда давлатимиз суверенитетини қатъий қўллаб-қувватлаганини юксак қадрлаймиз", деб алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон Президенти "ўтган даврда мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарига асосланган самимий ва амалий муносабатлар ўрнатилгани"ни қайд этган.

"Ўзбекистон – Болгария шериклигини изчил кенгайтириш учун улкан салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлигига қатъий ишонамиз", дейилган қутловда.

Ўзбекистон Президенти "бўлажак олий даражадаги учрашувлар икки томонлама алоқаларга янги суръат бағишлаши, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитиши"га ишонч билдирган.

ЎзА
2 572






Все о погоде - Pogoda.uz