ЎзА Ўзбек

10.12.2018 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон ташаббуси Афғонистон учун жуда муҳим!

АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод Президентимиз билан ўтказилган музокара ва Афғонистонда тинчлик ўрнатишга оид долзарб масалалар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Авваламбор, Ўзбекистонга келганим ва Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят мамнун эканимни алоҳида таъкидлашни истардим. Мулоқотда АҚШ - Ўзбекистон ҳамкорлик алоқалари ва шериклик муносабатлари, мамлакатингизнинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида эришаётган ютуқлари, шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашдик. 

Биз, шунингдек, Афғонистонга оид масалалар хусусида ҳам суҳбатлашдик. Миссиям афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлаш ва Афғонистонни Марказий Осиёга интеграциялаштириш, унинг янгидан халқаро терроризмга замин бўлишига йўл қўймасликдан иборат. 

Жорий йилда Тошкентда ўтказилган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференция бу борада жуда яхши ташаббусдир. Мазкур ташаббуснинг самараси шуки, ҳозирги кунда қирқ йилдан буён давом этаётган афғон урушини тинч йўл билан ҳал этиш масаласи дунёда фаол муҳокама этилмоқда. 

Афғонистон ҳукумати муаммога ҳарбий ечим йўқлиги, сиёсий келишувга эришиш лозимлигини таъкидлайди. Толиблар ҳам шундай фикрда. Халқаро ҳамжамият, хусусан, АҚШ бу қарашни қўллаб-қувватлайди. 

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббус Афғонистон учун жуда муҳим. Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” сулҳга эришишида нафақат АҚШ ва Ўзбекистон, балки бошқа давлатлар, хусусан, минтақа мамлакатлари биргаликда саъй-ҳаракат қилиши лозим. 



7 274
М.Элмуродов,ЎзА