Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.08.2017 02:08 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот 2017 йил 24 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

Сенаторлар ишни “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқишдан бошладилар. Қонун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралда қабул қилинган “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2761-сонли қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Сенаторларнинг фикрича, қабул қилинган қонун ҳужжатларини ижрочиларга етказиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш ушбу ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилиши, демакки, жамиятда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонун ҳуқуқий ахборот тарқатиш соҳасидаги у ёки бу муносабатларни тартибга солувчи йигирмадан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзида мужассам этиб, бу соҳадаги ҳуқуқий бошқарувнинг тизимли бўлишини таъминлайди.

Қонунда замонавий халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда асосий ҳуқуқий тушунчалар мустаҳкамланган бўлиб, унда давлат органлари, яъни вазирлик ва идоралар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган. Бунда ҳуқуқий ахборотни тарқатишни ташкил этиш, бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш учун масъул бўлган ваколатли орган деб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгиланган.

Қонун билан ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг аниқ тартиби ва усуллари белгилаб берилган. Хусусан, қабул қилинган қонун ҳужжатларини расмий ва норасмий тарқатма тарзида тарқатиш, уларни Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ва давлат органларининг веб-сайтларида жойлаштириш тартиби ўрнатилмоқда.

Қонун билан давлат органларида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштирилган ҳолда ҳисобга олишнинг мажбурий тартиби жорий этилиб, унинг сўзсиз ижро этилиши устидан назорат тизими мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунда ҳуқуқий тарғибот юритиш ҳуқуқий ахборот тарқатишнинг самарали усулларидан бири сифатида таърифланган бўлиб, уни амалга ошириш шакллари мустаҳкамлаб қўйилган: конференция, учрашув, семинар, давра суҳбатлари ва мулоқотлар ўтказиш; қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, амалдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини очиб берувчи теле- ва радиодастурлар уюштириш, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида материаллар жойлаштириш, шарҳлар, рисолалар, плакатлар, буклетлар тарқатиш шулар жумласидандир.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонунни давлат органлари ва ташкилотлари, ижрочилар, ҳар бир маҳалла, кутубхона ва таълим муассасасига имкон қадар тезроқ етказиш муҳим вазифадир. Зеро, қонунга мувофиқ бу масканларда мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси учун ҳуқуқий ахборотдан эркин фойдаланиш имконияти таъминланиши шарт. Қонун бўйича сўзга чиққан сенаторлар унинг ижро этилиши устидан самарали давлат ва жамоат назоратини амалга ошириш ҳам муҳим вазифа эканлигини таъкидладилар. Бу аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда қонунийлик, ижро интизомини таъминлашнинг муҳим омилига айланиши лозим. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Таъкидланганидек, ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартда қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Сенаторларнинг фикрича, ёшларга оид давлат сиёсати доирасида қабул қилинган ушбу қонун ҳар томонлама ривожланган, баркамол ёш авлодни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Муҳокама чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, амалдаги қонун ҳужжатлари, хусусан, 2008 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун билан шафқатсизлик, зўравонлик ва болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи бошқа ахборотни акс эттирувчи адабиётлар тарқатилишини, фильмлар намойиш этилишини тақиқловчи меъёрлар назарда тутилган. Шу билан бирга, глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тармоғи кенг ривожланган бир шароитда болалар соғлиғига зарар етказувчи, шунингдек, халқимизнинг ёшлар тарбияси пойдеворини ташкил этувчи маънавий асосларини емирувчи ахборотдан улар ҳимоя қилинишини таъминловчи янада самарали ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни шакллантириш муҳим вазифага айланди.

Кўриб чиқилган қонунда давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари, бу фаолиятда фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг механизмлари аниқ белгиланган. Мазкур қонунга мувофиқ давлат органлари, фуқаролик институтлари, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситаларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул ваколатли давлат органи этиб Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги белгиланган. Қонунда болаларга зарар етказувчи ахборот турлари таърифланган. Болаларни ўз ҳаёти ва саломатлигига хавф соладиган хатти-ҳаракатларни содир этишга ундайдиган, уларда наркотик воситалар, алкоголли ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, қимор ўйинларида иштирок этиш истагини пайдо қиладиган ахборот тарқатилиши тўлиқ ман этилган. Оилавий қадриятларни инкор этадиган, турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар, шафқатсизлик, жисмоний ва руҳий зўравонлик, жамиятга қарши бошқа хатти-ҳаракатларни оқлайдиган ахборот тарқатилиши тақиқланган.

Қонун билан зарарли ахборотдан иборат медиа маҳсулотларнинг айланиши ва тарқатилишига нисбатан умумий талаблар ўрнатилган. Хусусан, босма шаклдаги, зарарли ахборотдан иборат маҳсулотнинг болалар кириши мумкин бўлган жойларда фақат зич ўралган идишларда тарқатилиши белгиланган. Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотининг болалар учун мўлжалланган таълим, тиббиёт, санаторий-курорт, жисмоний тарбия ва спорт, маданият ва соғломлаштириш муассасаларида тарқатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Қонунда қайд этилганидек, ахборотни болалар ёшига қараб таснифлашнинг батафсил тартиби, шунингдек, уларни у ёки бу тоифага киритиш мезонлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида низом билан белгиланади.

Қонунда ахборот маҳсулоти экспертизасини ўтказиш ва болалар орасида тақиқланган ахборот маҳсулотлари реестрини юритиш шартлари, тартиби ўрнатилмоқда. Ушбу Реестрни тузиш ва уни юритиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юклатилган.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг нормалари болаларнинг замонавий илм-фан, маданият, таълим ютуқларига доир ахборотдан фойдаланиш имкониятини чекламайди. Унинг қоидалари халқаро ҳуқуқнинг умум қабул қилинган меъёр ва тамойилларига, хусусан, Бола ҳуқуқлари декларацияси (1959 йил), БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси каби ҳужжатлар ва бошқаларга тўлиқ мос келади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни муҳокамаси чоғида сенаторлар қайд этганларидек, ушбу қонун давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг улар фаолиятига асоссиз аралашувининг олдини олишга қаратилган изчил сиёсатнинг амалдаги ифодасидир. Айнан шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилди, унинг фаолиятининг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилди.

9.JPG

Тадбиркорликни, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишида иштирок этиш, уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, қабул қилинган ҳужжатларнинг тадбиркорлик соҳасига таъсирини баҳолаш, қабул қилинган ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолияти ривожига таъсири самарадорлигини баҳолаш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлаш Вакилнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Қонун Вакилга соҳада назоратни амалга ошириш, тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шубҳасиз риоя этилаётганлиги устидан назоратни амалга ошириш бўйича кенг ваколатлар беради. Хусусан, у давлат органларининг (ташкилотларининг) қарорлари, улар мансабдор шахсларининг тадбиркорлар ҳуқуқларини бузувчи ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини текшириш қонунийлиги устидан мониторинг ўтказади, аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилади, давлат органларининг мажлисларида иштирок этади, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Шу билан бирга, қонунда Вакил томонидан кўриб чиқилмайдиган масалалар ҳам белгиланган. Тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий низолар, оилавий, меҳнат ва тадбиркорлик билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, шунингдек, суднинг, тезкор-қидирув фаолиятини, терговни, суриштирувни ва жазо ижросини амалга оширувчи органларнинг ваколат доирасига кирадиган масалалар шулар жумласидан.

Тадбиркорлар манфаатларига дахл қиладиган энг муҳим, долзарб масалаларни ҳал қилишда Вакилнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида Вакил қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод эталади. У Президентнинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки маъмурий жазо чораларига тортилиши мумкин эмас.

Вакил институти қонунга мувофиқ нафақат мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини, балки Ўзбекистон Республикасида ўз бизнесини юритаётган хорижий компаниялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаши лозим. Сенаторларнинг фикрича, бу Ўзбекистоннинг инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини оширишга, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, суддан фарқли ўлароқ, янги институтнинг жорий этилиши мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини ҳал этишда тадбиркорлар ролини оширишда ўта муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар.

Шундан сўнг сенаторлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан парламент кўриб чиқиши учун киритилган.

Муҳокама чоғида сенаторлар томонидан таъкидланганидек, ушбу қонун давлат органлари тизимини фуқароларнинг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга сафарбар этишга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Ушбу сиёсатнинг моҳияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан лўнда қилиб “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, дея белгилаб берилган.

Таъкидланганидек, янги қонуннинг қоидалари жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашнинг ҳуқуқий механизмларини аниқлаштиради, бу эса мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга хизмат қилади. Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг муҳимлиги қуйидагилардан иборат.

Қонун билан давлатимиз раҳбари ташаббуси билан давлат бошқаруви тизимига жорий этилган Халқ қабулхоналари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхоналари институтининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлаб қўйилган. Бу институт, сенаторларнинг фикрича, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, фуқароларнинг мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми ҳисобланади.

Қонуннинг кучи аввалгидек давлат органларига нисбатан татбиқ этилибгина қолмай, балки давлат томонидан ёки унинг иштирокида ташкил этилган, Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатадиган ташкилотларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Қонунда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг ҳуқуқий принциплари белгилаб берилмоқда. Хусусан, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида бюрократизм ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятининг шаффофлиги каби тамойиллар шулар жумласидандир.

Қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиётига мурожаатларнинг янги шакллари, хусусан, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг ишонч телефонлари, “бевосита алоқа линиялари” орқали, видеоконференцалоқа воситасида келиб тушган мурожаатлар, расмий веб-сайт, виртуал қабулхона орқали ва бошқалар киритилмоқда. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишнинг янги шакллари ва тартиби киритилмоқда: сайёр, шахсий ва оммавий қабуллар, видеоконференцалоқа воситасидаги, аудио ва видеоёзувни қўллаш орқали қабуллар ва бошқалар шулар жумласидандир.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг, ташкилотларининг халқ билан самарали қайта алоқасини мустаҳкамлаш, давлат органларининг очиқлик даражасини ошириш, уларнинг инсонларни ўйлантираётган аниқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнг сенаторлар “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.

15.JPG

Қонун Тошкент шаҳрининг туманларида халқ депутатлари Кенгашларини тузиш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиб беради. Бу эса ҳокимиятнинг маҳаллий органлари бюджет ваколатлари амалга оширилиши устидан назоратни ўрнатишга, уларнинг мамлакатимиз пойтахти туманларини ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал қилишдаги ўрнини мустаҳкамлашга, ислоҳотларни рўёбга чиқаришдаги роли ва аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Ушбу масала муҳокамаси чоғида таъкидланганидек, амалдаги қонун ҳужжатларида (Конституциянинг 99-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида) Тошкент шаҳрида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларини тузиш назарда тутилмаган. Шу билан бирга, амалдаги қонун ҳужжатларининг бу қоидаси пойтахт туманларига (уларнинг сони Тошкентда 11 та) маҳаллий бюджетлар лойиҳалари, уларнинг ижроси муҳокамасини ўтказишга йўл қўймайди, чунки, масалан, бюджет кодексига мувофиқ, туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг кўриб чиқилиши ва қабул қилиниши, шунингдек, уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларнинг эшитилиши халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларига киради.

Шу муносабат билан қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов 2017 йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши орқали уларни тузишни назарда тутувчи бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун туман сайлов комиссиялари тузилиши тавсия этилмоқда.

Ушбу қонунга мувофиқ халқ депутатлари туман Кенгашларининг янги сайланган депутатлари сайлов натижалари бўйича уларнинг янги таркиблари шакллангунга қадар ўз ваколатларини амалга оширади.

Бундан ташқари, қонунда шаҳарларда туманлар ҳокимлари лавозимларига тасдиқлаш, шунингдек, янги Кенгашлар тузилиши муносабати билан халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан уларнинг ҳисоботларини эшитиш тартиби белгилаб берилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, таклиф этилаётган ўзгартишлар Тошкент шаҳрида социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ҳокимият вакиллик органларининг, пойтахт жамоатчилигининг ролини кучайтиришга, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, туманлар ҳудудини ривожлантиришнинг истиқболли дастурларини амалга ошириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни белгилаш устидан халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан назорат қилиш механизмини ўрнатишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар 30 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни” деб белгиланадиган “Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, ёшларга оид давлат сиёсатининг моҳияти ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан, маънан етук ва жисмонан соғлом авлодни шакллантиришдан, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳар томонлама етук, кенг дунёқарашга эга, мамлакат келажаги учун масъулиятни зиммасига олишга, халқ манфаатларини таъминлаш йўлида бор салоҳиятини сафарбар этишга қодир бўлган ёшларни тарбиялашнинг мавжуд ҳуқуқий негизини янада мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.

Ушбу масалага муҳим аҳамият берган ҳолда, кенг жамоатчилик, энг аввало ёшларнинг таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, 2017 йил 30 июнда бўлиб ўтган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу қурултойда 30 июнь кунини мамлакатимизда Ўзбекистон ёшлари куни, деб эълон қилиш таклиф этилди.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали рўёбга чиқаришга, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ қилишга кўмаклашади.

Шундан кейин сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб декабрь ойининг иккинчи якшанбасини белгилашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунини кўриб чиқдилар.

Сенаторлар қишлоқ хўжалигида чуқур иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш натижасида аграр тармоқнинг бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган янги тизими шаклланганлигини қайд этдилар. Ҳозирги вақтда 3,6 миллион ходим ва хизматчи аграр тармоқда фаолият кўрсатмоқда. Қишлоқ хўжалигининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17,2 фоизни, йиллик ўсиш 6-7 фоизни ташкил этмоқда.

Бундай натижаларга эришишда тармоқнинг барча ходимлари ва хизматчилари – фермерлар, деҳқонлар, механизаторлар, пиллачи ва чорвадорлар, қишлоқдаги тадбиркорлар, аграр секторда фаолият кўрсатаётган мутахассис ҳамда олимларнинг роли катта.

Сенаторларнинг фикрича, “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши қишлоқ меҳнаткашлари жонбозлигининг, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакат гуллаб-яшнашига улар қўшаётган ҳиссасининг эътироф этилишидир. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ тайёрланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.

Сенаторлар мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтларнинг самарали тизимини шакллантиришга, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтини ривожлантиришга доир кўлами ва моҳияти жиҳатидан улкан ишлар амалга оширилганлигини қайд этдилар.

Сенат томонидан кўриб чиқилаётган қонунга мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонунга Вакил фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Олий Мажлис палаталари томонидан эшитиш тартиби тўғрисидаги нормаларни ҳамда Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини ва шикоят бериш муддатларини аниқлаштирувчи ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Вакилга аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзидаги мурожаатлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг ҳуқуқий онгини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир Вакилнинг вазифаларини белгилаб берувчи янги нормалар билан тўлдирилди. Вакилнинг минтақавий вакиллари фаолиятини, омбудсманнинг судлар билан ҳамкорлигини ташкил этиш механизмлари аниқ таърифлаб берилди.

Сенаторлар таъкидлаганларидек, қонуннинг қабул қилиниши давлат ва жамият қурилишида адолат, инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш тамойилларини қарор топтиришда омбудсманнинг ролини оширишга кўмаклашади.

Шундан сўнг сенаторлар “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳимлигини қайд этдилар. Мазкур қўшимчаларда амалда терговга қадар текширув институтини такрорлайдиган суриштирув институтини жиноят-процессуал қонун ҳужжатларидан олиб ташлаш назарда тутилмоқда. Қонун жамиятга катта хавф солмайдиган жиноятлар тўғрисидаги ишларни судга қадар юритишнинг соддалаштирилган тартибини белгилаб беради.

Суриштирув юритиш ҳуқуқи ички ишлар органларига, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ва давлат божхона хизмати органларига берилмоқда.

Қонун билан ижтимоий хавфли бир қанча жиноятларни ички ишлар органларидан прокуратура органлари терговига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши текширувнинг тезкорлик билан ўтказилишини таъминлашга, терговчилар иш сифатини оширишга, шунингдек, жиноят ишларини текширишда бир-бирини такрорлашнинг олдини олишга ва сансоларликни бартараф этишга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Қонун билан мамлакатимизнинг амалдаги бир қанча қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун Ҳаракатлар стратегиясида, Президентнинг фармонлари ва қарорларида ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида баён этилган вазифаларни ижро этиш мақсадида депутатлар, Ҳукумат, Бош прокуратура ва қонунчилик ташаббусининг бошқа субъектлари томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган 15 та қонун лойиҳасини бирлаштиради. Сенаторлар суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни ҳар томонлама муҳокама этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Прокуратура тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Меҳнат, Солиқ, Оила кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, вояга етмаганлар ишлари, одам савдосига қарши курашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияларининг фаолиятида Бош прокуратуранинг мувофиқлаштирувчи ролини белгилаб қўйиш назарда тутилмоқда. Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий сайтларига профилактика тадбирларининг моҳияти ва аҳамиятига бағишланган материалларни, қонунийликнинг ҳолати ва жиноятчиликнинг даражаси ҳақидаги маълумотларни, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда уларга чек қўйиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборотни жойлаштириш тўғрисидаги нормалар келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва “Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, Солиқ кодексига киритилаётан тузатишларга кўра, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар билан судга мурожаат қилганда, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божини тўлашдан озод этилади.

Фуқаролар йиғини ваколатлари кенгайтирилмоқда. Қонунда фуқаролар йиғини раисининг, унинг ўринбосарларининг, маслаҳатчиларининг, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда тафтиш комиссияси раисларининг ҳисоботларини ҳар чоракда эшитиш тартиби белгилаб қўйилмоқда. Қонун билан “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарининг, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисининг, шунингдек, жойлардаги профилактика инспекторларининг, таълим муассасалари ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг фуқаролар олдида ҳисоб бериши тизими белгилаб берилмоқда. Фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), жойлардаги профилактика инспекторлари, таълим муассасалари, оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари киради. Қонун ҳужжатларига киритилаётган бу ва бир қатор бошқа ўзгартишлар фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг, маҳалла институтини аҳолига энг яқин бўлган тузилмага айлантиришнинг, шунингдек, уларнинг давлат органлари ва фуқарорлик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг муҳим омилига айланиши лозим.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги” ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ижтимоий аҳамиятга молик вазифаларни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бевосита давлат ижтимоий буюртмасини бериш ҳуқуқини тақдим этиш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ижтимоий буюртмаларини бериш давлат буюртмачиларининг рўйхатига киритиш назарда тутилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ “Прокуратура тўғрисида”ги ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар давлат бошқаруви тизимини янада демократлаштиришга, ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва депутатлар назорати ролини оширишга кўмаклашади. Ушбу тузатишларга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар прокурорлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари Кенгашларига ҳисоботлар тақдим этади, зарур ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисида хабардор қилади.

Қонун билан прокурорларнинг ҳисоботларини, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, соғлиқни сақлаш бошқармаси органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, туман марказий кўп тармоқли поликлиникалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига киритилди.

Тузатишларга мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари томонидан ўз фаолияти тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисоботлар тақдим этиш тизими жорий этилмоқда.

Қонунга мувофиқ бундан буён профилактика инспекторлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши қарори билан лавозимга тайинланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ушбу қонун билан “Банкротлик тўғрисида”ги, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунларга ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Сенаторлар “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига ҳамда 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунларга киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси этиб қайта ташкил этилди, шунингдек, табиатни муҳофаза қилиш жамғармалари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси этиб қайта ташкил этилди. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди, унинг ваколатларига аниқлик киритилди.

Шундан сўнг сенаторлар Тошкент вилоятининг Тўйтепа шаҳри ва Ўрта Чирчиқ туманининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тўйтепа шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш, шунингдек, Тўйтепа шаҳрини Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб белгилаш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳри ва Янгийўл туманининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Янгийўл шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ва Оҳангарон туманининг чегараларини ўзгартириш, шунингдек, Оҳангарон шаҳрини вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар туркумига киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқдилар. Мамлакат ҳукумати томонидан киритилган ушбу таклифларнинг маъқулланиши Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини такомиллаштиришга, ҳудудларни самарали бошқаришга, аҳоли учун шарт-шароитларни янада яхшилашга кўмаклашади, туризм соҳасининг ривожланишига туртки беради.

Сенат ялпи мажлисининг биринчи куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқаруви масалаларига доир бир қатор фармонларини тасдиқлаш, шунингдек, яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ Конституциявий суднинг янги таркибини сайлаш билан якунланди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўн биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати    

Аъло Абдуллаев, Оқил Ғуломов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА
7 198






Все о погоде - Pogoda.uz