13.02.2013 20:08 Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида

Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қонунчилик палатасининг Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартиби тасдиқланганидан кейин Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида парламентга берилган ваколатларга мувофиқ депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши соҳасидаги парламент назорати Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили С.Рашидованинг маърузасида Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқариш борасида тегишли ишларни амалга оширганлиги таъкидланди.

Шу туфайли ҳам Омбудсман фаолиятида ҳисобот даврида давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига доир қонун ҳужжатларининг риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгини ошириш масалаларига катта аҳамият берилди.

Савол-жавоблардан сўнг Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг маърузаси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокамада барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган депутатлар ўз электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шуни таъкидладиларки, хусусан, давлат хизматчилари томонидан турли соҳаларда қонун ҳужжатларига риоя этилишини, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг муҳим шакли сифатида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишини мониторинг қилиш 2012 йилда Омбудсман фаолиятининг энг муҳим йўналишлари бўлди. Чунончи, ўтган йили Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида оилавий тадбиркорлик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг ҳолати ўрганилди, бу тадбир фуқароларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқариш самарадорлигини янада оширишга қаратилди.

Ўзбекистон Халқ-демократик партияси фракцияси аъзолари 2012 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили манзилига фуқаролардан 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганлигига эътиборни қаратдилар. Мурожаатларнинг барчаси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилди. Бу фуқароларнинг мурожаатларида баён этилган далилларни чуқур таҳлил қилиш жойларда турли органлар ишидаги эҳтимол тутилган камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан самарали чора-тадбирлар кўриш имкониятини яратиши билан боғлиқдир. Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишга доир фаолиятида яшашга, эркинлик ва шахсий дахлсизликка, суд ҳимоясига ва одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқларга риоя этилиши ва уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш масалалари алоҳида ўрин тутади.

“Миллий тикланиш” Демократик партияси фракциясидан сўзга чиққан депутатлар шуни таъкидладиларки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳисобот даврида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш бўйича ахборот-маърифий ишларга, ҳаётимизнинг турли жабҳаларида, аввало, таълим, фан ва маданият соҳаларида давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини тушунтириш масалаларига катта эътибор қаратди. Чунончи, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 2012 йилда ўз фаолияти билан боғлиқ мавзулар бўйича 50 дан ортиқ тадбирда иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Омбудсманинг амалдаги қонун ҳужжатларини халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга қаратилган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириши масалалари ҳақида сўз юритдилар. Бундай ҳамкорлик икки томонлама асосда ва халқаро ташкилотлар доирасидаги алоқаларни ривожлантириш йўли билан амалга оширилган. Европа, Осиё, МДҲ мамлакатлари омбудсманлари билан амалий алоқалар ўрнатилган.

Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи аъзоларининг таъкидлашича, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида бундай назоратни амалга ошириш, фуқароларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирокини фаоллаштириш борасидаги ишларда фаол иштирок этди. Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳам фуқароларни ва уларнинг мурожаатларини қабул қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини кенг тарғиб этиш йўли билан ана шу жараёнга фаол кўмаклашдилар.

Муҳокама давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2012 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати








Все о погоде - Pogoda.uz