Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 20:04 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи хорижий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, БМТнинг расмий сайти (un.org), шунингдек, sputniknews-uz.com, rt.com, currenttime.tv ва бошқа порталларда онлайн тарзда эфирга узатилди.

Давлатимиз раҳбарининг, айниқса, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларига хорижий интернет нашрларида алоҳида эътибор қаратилган.

БМТ расмий сайтида (un.org) ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди, терроризм муаммосига катта эътибор қаратиб, унинг туб сабабларига барҳам беришга чақирди.

«Бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир», деб алоҳида қайд этди Ўзбекистон Президенти.

Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганини таъкидлаб, Президент Шавкат Мирзиёев «глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш"ни таклиф этди.

«Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир", деди Шавкат Мирзиёев", деб ёзади БМТ сайти.

ТАСС ахборот агентлиги (tass.ru) ёзишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясига ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилишни таклиф этди. Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари жаҳон жамоатчилигига "ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини" етказишга чақирди.

«Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз", деди Ўзбекистон раҳбари ҳамда ислом дини "эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга" даъват этишини қайд этди".

Ўзбекистон Президенти БМТга аъзо давлатларга "БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи" билан мурожаат қилди. «Бу ҳужжатнинг асосий мақсади – барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган", деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев", дейилади ТАСС хабарида.

Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол денгизи қуриши муаммоси, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам хориж оммавий ахборот воситаларининг алоҳида эътиборини тортди.

БМТ расмий сайти (un.org) ахборот беришича, Шавкат Мирзиёев Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини қайд этди ҳамда халқаро ҳамжамиятни Орол денгизи буткул қуришининг олдини олишга чақирди.

«Бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол ҳалокатига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Мана, менинг қўлимда – Орол фожиаси акс эттирилган харита. Ўйлайманки, бунга ортиқча изоҳга ҳожат йўқ. Денгизнинг қуриши билан боғлиқ оқибатларни бартараф этиш халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни фаол бирлаштиришни тақозо этмоқда», деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти БМТ томонидан Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича шу йил қабул қилинган махсус дастур тўлиқ амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Президент Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш муаммолари тўғрисида сўз юритар экан, минтақанинг умумий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш масаласига тўхталди: «БМТ Бош котибининг "сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ", деган позициясини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Ишончим комил, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ», деб ёзади un.org сайти.

Ўзбекистон, Шавкат Мирзиёев таъкидлашича, ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда, деб таъкидлайди «Спутник» янгиликлар агентлиги (ru.sputniknews-uz.com).

«Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли кейинги ойларда минтақамизда сиёсий ишонч даражаси сезиларли даражада ошди. Кўплаб масалалар бўйича принципиал жиҳатдан муҳим ечимлар топишга эришилди. Сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланиши том маънода муҳим воқеа бўлди. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир», деди Ўзбекистон раҳбари".

Шавкат Мирзиёев сув ресурслари билан боғлиқ мураккаб ва глобал мавзуга тўхталар экан, бу муаммога БМТ шафелигида минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларини ҳисобга олган ва муросага асосланган ҳолда ёндашиш лозимлигини яна бир бор алоҳида қайд этди.

«Россия 24» телеканали хабар беришича, Ўзбекистон Президенти Бош Ассамблеядаги нутқида Марказий Осиё мамлакатлари саммитини ўтказишни таклиф этди ҳамда бундай тадбирлар сиёсий ишонч даражасини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

«Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз", деб таъкидлади Ўзбекистон раҳбари".

Хориж оммавий ахборот воситалари Шавкат Мирзиёевнинг БМТ фаолиятини ислоҳ қилишга доир ташаббусларига эътибор қаратди.

Россия ахборот агентлиги (ria.ru)нинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқида Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлигини таъкидлади ҳамда БМТнинг янги раҳбарияти томонидан ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни қўллаб-қувватлади.

«Анадолу» ахборот агентлиги (aa.com.tr) қайд этганидек, Ўзбекистон Президенти БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон БМТнинг босқичма-босқич ислоҳ этилиши тарафдори эканини таъкидлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида БМТга аъзо давлатларга тақдим этилган ахборот хориж оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлди.

tengrinews.kz ахборот портали хабар беришича, Шавкат Мирзиёев ўз нутқини Ўзбекистон сиёсати ва иқтисодиёти тўғрисида қисқача шарҳ беришдан бошлади, охирги йилда мамлакатда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда глобал ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади. «Биз оддий бир хақиқатдан келиб чиқмоқдамиз: халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади», деб алоҳида қайд этди Ўзбекистон Президенти". БМТ билан ҳамкорлик ҳақида сўз юритар экан, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон демократик ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлаш сари қатор муҳим чоралар кўрганини, жумладан, хорижга чиқиш визалари бекор қилинганини таъкидлади.

ТАСС ахборот агентлиги (tass.ru) Ўзбекистон Президенти Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб Ўзбекистон мақсади демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат туб ислоҳотлар амалга ошираётгани ҳақида маълум қилди, деб хабар беради.

«Ишончимиз комил: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак», деб қайд этди Шавкат Мирзиёев. У Ассамблея иштирокчиларига Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани ҳақида хабар қилди. Уларга мурожаат қилган бир миллиондан ортиқ фуқаролар ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилди».

Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқин ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича чоралар кўрилди. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ташрифидан сўнг инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. «Одамларнинг эркин ҳаракат қилишини чеклайдиган хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди», деб Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтиради ахборот агентлиги.

Давлатимиз раҳбарининг Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга оид фикрлари ҳам хориж медиа оламида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Афғонистон билан қўшни мамлакатларни афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашишга оид даъватини қўллаб-қувватлайди ҳамда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир, деб таъкидлайди Россия ахборот агентлиги (ria.ru).

Президент Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга бундан буён ҳам ҳисса қўшади, деб қайд этди, деб ёзади Россия ахборот агентлиги (ria.ru).

Би-Би-Си Ўзбек хизмати (bbc.com/uzbek) – "Халқаро молиявий тузилмалар ва АҚШ ишбилармон доиралари билан ўтказилган учрашувлар мисолида Шавкат Мирзиёев ушбу ташрифдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиш ва иқтисодиёт соҳасида икки томонлама шартномалар имзолашда самарали фойдаланди. Мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотлар ва валюта сиёсатининг либераллаштирилиши АҚШ бизнес ҳамжамиятида Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш уйғотди", деб таъкидлайди.

Хориж оммавий ахборот воситалари, шунингдек, давлат арбоблари ва оддий одамларнинг Президентимизнинг нутқи ва ташрифига доир муносабатини ҳам ёритган.

«Америка овози» радиоси “Ватандош” жамияти фаоли Н.Содиқов билан интервьюни эълон қилган. Н.Содиқов «Биз, ўзбек диаспораси вакиллари, Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан мамнунмиз, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизни хурсанд қилмоқда. Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар Ватанимизга муҳаббат, ундан ғурурланиш туйғусини янада кучайтирмоқда», деб таъкидлади.

«Узметроном» ахборот портали (uzmetronom.com) ёзишича, «Ўзбекистон Президентининг Нью-Йоркдаги нутқи – хорижда мамлакатимиз ҳақида шаклланган бир хил қолипдаги тушунчаларни максимал даражада лўнда ва ишонарли ўзгартирганининг тасдиғидир. Моҳиятан, бу БМТ Низомида мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари устуворлиги, умуминсоний қадриятлар, халқаро ҳамкорлик субъектларининг ўзаро муносабатларига доир тамойилларга тўлиқ ва сўзсиз содиқ бўлган давлатнинг янги қиёфасини намойиш этади.

Вақт қатъий чегараланган, аудиторияда шундоқ ҳам ахборот кўп бўлса-да, нутқда фикрларни қисқа баён қилиш усули эътиборни тортади, деб ёзади ахборот портали. Прагматик сиёсий муҳитда анъанавий равишда яхши қабул қилинмайдиган узун, таржима қилиш мураккаб гаплар, тарихга назар ва лирик чекинишлар йўқлиги эътиборга молик. Унинг ҳамкорларга айтадиган ҳар бир фикри чуқур ўйланган. Ҳар бир хатбоши – у факт ёки тезис бўлсин, атиги бир гапдан иборат бўлиб, тезда хотирада муҳрланишга мўлжалланган. Шавкат Мирзиёев атиги бир йил ичида Ўзбекистонда айнан нималар ўзгаргани, мамлакатни нималар ташвишга солаётгани, мавжуд глобал муаммолар шароитида келажакни қандай кўраётганини максимал даражада содда шаклда аудиторияга етказишга интилди.

Фикр ва баённинг тиниқлиги илгари сурилган таклифлар билан бирга, Президент сессияга пухта тайёргарлик кўрган, дейишга асос беради. Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталар экан, Шавкат Мирзиёев «Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир», деди ҳамда «Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим»лигини таъкидлади.

Хорижий интернет нашрлари давлатимиз раҳбарининг АҚШга ташрифи доирасида бошқа мамлакатлар вакиллари билан икки томонлама учрашувларини ҳам ёритди.

«24 часа» интернет газетаси (24chasa.bg) қайд этишича, Болгария ва Ўзбекистон Президентлари Румен Радев ва Шавкат Мирзиёевнинг Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувида иқтисодий ҳамкорликни ва ўзаро инвестициявий шерикликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди. Давлат раҳбарлари иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантириш учун бизнес-форум ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватладилар. Президентлар икки мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги ўзаро манфаатли эканига эътибор қаратдилар. Икки мамлакатнинг минтақавий ва халқаро масалалар бўйича позициялари яқинлиги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

"Грузия Online" ахборот-таҳлил портали (apsny.ge) Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Нью-Йоркда Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвилини қабул қилди, деб хабар беради. Учрашув чоғида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш ва унинг номенклатурасини кенгайтириш, савдо-саноат палаталари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, савдо уйлари ташкил этиш ва қўшма кўргазмалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи ҳамда унда илгари сурилган ташаббус ва таклифлар, ташриф доирасидаги учрашув ва тадбирлар хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиб турибди. Интернетда жойлаштирилган кўп сонли фикр ва муносабатлар шундан далолат беради. Бу жараён давом этмоқда.

ЎзА
4 679






Все о погоде - Pogoda.uz