ЎзА Ўзбек

01.08.2018 21:45 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти Европа тикланиш ва тараққиёт банки президентини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Сума Чакрабартини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик юқори суръатларда ривожланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди.

Ўтган йил март ойида Тошкентда бўлиб ўтган учрашувдан кейин томонлар биргаликда кенг кўламли ишларни амалга ошириб, дастлабки аниқ натижаларга эришдилар.

Бу даврда банк томонидан мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун умумий қиймати 190 миллион доллардан зиёд кредит маблағлари ажратилди.

Бугунги кунда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва уй-жой қуриш, энергетика тармоғи ва коммунал хўжалик объектларини модернизация қилиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишларда умумий қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилмоқда. Шундан қиймати 600 миллион долларгача бўлган лойиҳаларни яқин ойларда маъқуллаш режалаштирилмоқда.

Жорий йил сентябрь ойида қабул қилиниши мўлжалланган ЕТТБнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ишлари якунига етмоқда.

Бундан ташқари, ўтган йил ноябрь ойида банкнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ўз фаолиятини тиклади, мамлакатимиз ҳудудларида унинг филиалларини ташкил этиш кўзда тутилган.

ЕТТБ экспертлари мамлакатимизда хорижий молиявий институтлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш самарадорлигини оширишга қаратилган янги тартибни ишлаб чиқишда фаол қатнашди.

Шунингдек, Ўзбекистонда энергетика секторини ислоҳ қилиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш борасида биргаликда иш олиб борилмоқда.

Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, аввало, асосий тармоқлардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг стратегиясини ишлаб чиқиш, корхоналарни хусусийлаштиришга тайёрлаш, давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиётига хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган янги дастур ва лойиҳалар билан бойитиш масалалари муҳокама қилинди.

Сума Чакрабарти Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида янги босқичда амалга оширилаётган, мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қилаётган ислоҳот ва ўзгаришларни, иқтисодиётдаги либераллаштириш жараёнларини юқори баҳолади.

ЕТТБ раҳбари Ўзбекистон Президентининг ўзаро манфаатли ва самарали минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, уларни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Давлатимиз раҳбарига самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларни қўллаб-қувватлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида банкнинг Ўзбекистон билан шериклигини янада кенгайтиришга тайёр эканини таъкидлади. 

ЎзА
9 690