ЎзА Ўзбек

05.03.2018 22:46 Чоп этиш версияси

Вазирликлараро ишчи гуруҳлари мажлиси

Тошкентда 5 март куни Ўзбекистон – Россия вазирликлараро мулоқоти доирасида ишчи гуруҳларнинг учрашувлари бўлиб ўтди.

2017 йилда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги дўстона муносабатлар вазирлик ва идоралараро ҳамкорликнинг жадал суръатларда ривожланишини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида молия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган бўлиб, унга мувофиқ солиқ сиёсати, солиқ маъмурлиги ҳамда маҳаллий бюджетларнинг мустақиллигини оширишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш назарда тутилган.

Меморандум ижроси доирасида солиқ ва молия органларининг тажрибасини ўрганиш бўйича ўзаро ташрифлар амалга оширилмоқда, мунтазам равишда видеоконференциялар ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Россия молия вазирликлари ўртасидаги келишувларнинг амалий ижроси доирасида мамлакатимизга Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди.

Учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ ва Давлат божхона қўмиталари вакиллари, мустақил экспертлар иштирок этди.

Мутахассислар ўртасидаги мулоқот бир неча йўналиш бўйича ташкил этилди. Хусусан, Россиянинг солиққа тортиш ва божхона қонунчилиги соҳасидаги тажрибаси, икки вазирликнинг ўзаро манфаатларига оид бошқа йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилди.

Томонлар икки мамлакат миллий иқтисодиётининг ҳолати тўғрисида маълумот алмашиб, Россия – Ўзбекистон муносабатларининг ривожланиши ҳамда молия соҳасидаги ўзаро шериклик истиқболларини белгилаб олдилар.

Тадбирда иштирокчилар томонидан самарали ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари батафсил муҳокама қилиниб, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича ўзаро манфаатларга асосланган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унда назарда тутилган чора-тадбирлар ижроси молия вазирликлари ўртасида ўзаро яқин ва конструктив ҳамкорликни таъминлайди.

Икки мамлакат молия вазирларининг 6 март куни бўлиб ўтадиган учрашувида ушбу “йўл харитаси”ни имзолаш режалаштирилган.

ЎзА
10 652