Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 17:24 Чоп этиш версияси

Туркманистон Президенти билан телефон орқали мулоқот

2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Президенти сайловидаги юксак ғалабаси билан самимий табриклаб, давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.

Мулоқотда сайлов натижалари Туркманистонда халқ фаровонлигини юксалтириш, мамлакатни изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чуқур ўйланган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга туркман халқи юксак ишонч билдираётгани ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлаётганининг яна бир ёрқин ифодаси бўлгани қайд этилди.

Давлатлар раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг муҳим жиҳатлари юзасидан фикр алмашдилар. Туркманистон фаол ташқи сиёсат юритаётгани ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташаббуслари халқаро майдонда муваффақиятли амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Президентлар давлатлараро муносабатлар турли даражаларда сезиларли миқёсда фаоллашгани, ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар. Томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон ҳукумат делегацияларининг амалий ташрифлари якунларини, шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари даражасидаги ҳамкорликни ижобий баҳоладилар.

Давлат раҳбарлари икки қардош мамлакат ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни жадал ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқлаб, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар самарадорлигини янада ошириш учун мавжуд улкан салоҳиятни тўла ишга солишга тайёр эканини билдирдилар.

Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлат раҳбари лавозимида улкан ютуқлар, Туркманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

Суҳбат давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги мулоқотга хос бўлган самимий ва дўстона руҳда ўтди.

ЎзА
4 764






Все о погоде - Pogoda.uz