Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.09.2017 19:13 Чоп этиш версияси

Татаристон Республикаси Президенти Самарқандга келди

Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов 23 сентябрь куни Самарқандга келди.

Самарқанд халқаро аэропортида юқори мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Туробжон Жўраев кутиб олди.

Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов 24 сентябрь куни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади. Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида меҳмон Тошкентга келади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида мамлакатимизда истиқомат қилаётган татар миллатига мансуб юртдошларимиз билан учрашади, Татаристон санъат усталари иштирокидаги концерт дастурини томоша қилади.

Ташрифнинг асосий воқеалари 25 сентябрга мўлжалланган. Р.Миннихонов буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўяди.

Шу куни Р.Миннихонов пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида ташкил этиладиган Ўзбекистон – Татаристон ишбилармон доиралари вакиллари қўшма бизнес-форумида қатнашади.

Татаристон Президенти мамлакатимизнинг турли вазирлик ва идораларида учрашувлар ўтказади, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилади.

ЎзА
3 919






Все о погоде - Pogoda.uz