ЎзА Ўзбек

28.03.2019 Чоп этиш версияси

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи давомида умумий қиймати 10 МИЛЛИАРД доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифи давомида  умумий қиймати 10 МИЛЛИАРД доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган самарали ташқи сиёсат натижасида Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи юксалиб, барча давлатлар билан муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давомида яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Давлатнинг мавқеи, халқаро майдондаги ўрни унинг ҳудуди ва нуфуси билан ўлчанмайди. Мамлакат довруғини унинг иқтисодий қудрати билан ҳам дунёга таратиш мумкин. Биргина Сингапур мисолида бу фикрнинг яққол тасдиғини кўрамиз, лекин Бирлашган Араб Амирликлари ҳам ана шундай асосли фикрнинг ёрқин мисоли бўла олади.

Дубай амирлиги мисолида оладиган бўлсак, у ҳам қисқа муддатда Сингапур каби дунёнинг молиявий, инвестициявий ва бизнес марказига айланди. Ҳеч бир мамлакатда “Ferrari” русумли автомобиль киши бошига ҳисоблаганда амирликка тенг келолмайди. Ёки бир кунда қабул қиладиган самолёт ва йўловчилар сонига кўра дунёда Дубай аэропортига тенг келадигани кам. Сайёҳлар энг кўп боришни орзу қиладиган жойлардан бири ҳам мана шу амирликдир. Шахсий бизнесини очмоқчи бўлганлар Дубайга борса, истаган миқдорда ўз манфаатига мос кредит олиши, инвестиция киритмоқчи бўлганлар бу ерга ҳеч қандай хавотирсиз кириб келиши мумкин. Биргина “Бурж Халифа” минорасининг ўзи қанча гапдан дарак беради.

Абу-Даби деганда фақат Амирликлар пойтахти эмас, балки араб дунёсида жуда катта нуфузга эга, ўзига хос маданият, спорт ва бизнес маркази назарда тутилади. Бу гўзал шаҳар ўзининг меҳмондўстлиги, бетакрор меъморий ечимга эга иншоотлари, саҳрода жойлашганига қарамасдан доим яшиллик барқ уриб, тоза ва намхуш ҳаво эсиб турадиган иқлими билан танилган. 

Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликларини кўп асрлик тарихий-маданий, иқтисодий ришталар боғлаб туради. Мустақиллик йилларида икки мамлакат муносабатлари қатор соҳаларда жадал ривожланди.

Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, ушбу мамлакат делегацияларининг ташрифлари чоғида Амирликлар инвесторларини истиқболли лойиҳаларга кенг жалб этиш, нефть-газ, кимё, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, логистика, туризм, шаҳарсозлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали музокаралар олиб борилди. 

Президентимизнинг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида 25 март куни Абу-Даби шаҳридаги шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён мақбараси ва масжидини зиёрат қилди, “Воҳат ал-Карома” ёдгорлигига гулчамбар қўйди.

Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашувда ижтимоий хавфсизликни таъминлаш соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада ўзаро тажриба алмашиш, делегациялар ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.

Абу-Даби шаҳридаги “Қаср ал-Ватан” саройида Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари расмий делегацияларининг кенг ва тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси билан БАА ўртасида инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида 26 март куни Дубай шаҳрида БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди.

Амирликларнинг йирик шаҳри Дубай инсоният илмий-техник тараққиётининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этган. Масалан, дунёнинг саккизинчи мўъжизаси, деб эътироф этилаётган Palm Islands сунъий ороллари инсон қўли билан яратилган энг йирик архипелаг бўлиб, ўзининг миқёси ва кўркамлиги билан ҳайратга солади. Бу ерда муҳташам меҳмонхоналар жойлашган. Сайёрамиздаги энг баланд осмонўпар бино – "Бурж Халифа" эса 11 кўрсаткич бўйича Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.

Дубайда дунёдаги энг узун автоматлаштирилган метро тизими ва усти ёпиқ пиёдалар ўтиш йўлаги мавжуд. Саҳрода жойлашганига қарамай, шаҳарда жаҳоннинг энг йирик гуллар боғи барпо этилган. Бу ердаги пляжлар энг тоза деб тан олинган. Шаҳарга бир йилда ўртача 16 миллион киши ташриф буюриши бежиз эмас. Дубай бошқа соҳа ва йўналишларда ҳам кўплаб рекордларни забт этган.

Буларнинг барчаси очиқлик ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш сиёсати туфайлидир. Дубайнинг жадал ижтимоий-иқтисодий тараққиётига кўп жиҳатдан шаҳар ва амирлик ҳокими шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумнинг ғоялари кучли туртки бўлди.

Ўзбекистон ҳам дунёга очилмоқда. Мамлакатимиз жадал ва изчил ривожланиш йўлидан бормоқда, бу жараёнда жаҳон тажрибасини ўрганиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар билан инновацион, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳаларда фаол ҳамкорлик қилиш муҳим ўрин тутади.

Кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан “Заабил” саройида бўлиб ўтган учрашувининг асосий мавзуси бўлди.

БАА вице-президенти, Бош вазири давлатимиз раҳбарини самимий қутлаб, Абу-Дабида мамлакатларимиз ўртасида эришилган келишувлардан мамнуният билдирди. Дубай амири ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган БАА Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев меҳмондўстлик ва истиқболли қўшма лойиҳалар қўллаб-қувватлангани учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари, жумладан, Дубай амирлиги билан дўстликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.

Ўзаро ишонч руҳида ўтган суҳбатда қатор соҳаларда шериклик ва тажриба алмашишни кенгайтириш йўллари, турли даражаларда янги алоқалар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралардан сўнг имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди. Қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисида битимлар, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи, унинг доирасида имзоланган келишувлар мамлакатларимиз муносабатларида янги саҳифа очди. Томонларнинг ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилиши ва эришилган келишувларни қўллаб-қувватлаш бўйича якдил фикрга келгани мамлакатларимиз манфаатига хизмат қилади.

11 323
ЎзА