Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 17:36 Чоп этиш версияси

Судланувчи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод қилинди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши кафиллиги остида 1993 йил Фарғона шаҳрида туғилган Толиб Ғаниев суд залидан озод қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани суди томонидан 6 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида Толиб Ғаниевнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Эндигина 24 ёшни қарши олган бу йигит илгари ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан судланиб, инсонпарварлик тамойиллари асосида қилмиши кечирилган эди. Афсус, у бундан тўғри хулоса чиқармади. Яна жиноятга қўл урди.

2017 йил 2 август куни, соат 20:00 ларда Б.Холмуродов, Б. Валломов, Т.Раҳмонов, Россия Федерацияси фуқароси А.Велиев ва А.Мариповлар Олтиариқ туманидаги Полосон маҳалласида жойлашган "Афсона" савдо дўкони олдида, пул олди-бердиси юзасидан келишмовчиликларни ҳал қилиш мақсадида оғзаки жанжаллашиб кетишади. Ушбу жанжални кўрган фуқаро Д.Мадаминов ва унинг фарзанди С.Мадаминов жанжалга аралашган. Жанжал жараёнида С.Мадаминов фуқаро Т.Раҳмоновнинг юз қисмига уриб юборган. Шундан сўнг, шу ерга ўз иши билан келган судланувчи Толибжон Ғаниев ҳам А.Мариповни тепиб, унга тан жароҳати етказган. Шу сабабли ўзаро жанжал юзага келиб, жанжалга С.Мадаминовнинг укаси Х.Турдиматов ҳам қўшилган. Шу жараёнда Т.Ғаниев ўзининг ёнида бўлган пичоқ билан С.Мадаминов ва Х.Турдиматов танасининг турли жойларига шикаст етказган. Улар олган тан жароҳати сабабли Олтиариқ тумани марказий шифохонасига келтирилган.

Суд муҳокамаси давомида аниқланган, текширилган ва атрофлича баҳоланган далилларга асосланиб, Толибжон Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди.

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси А.Акбаров томонидан судланувчи Т.Ғаниевга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.

Суд Ғаниев Толибжон Тоҳир ўғлига нисбатан жазо тайинлашда, унинг ёшини, жамоат ҳимоячиси томонидан билдирилган фикр ва кафолат хатини, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ва судланувчи Т.Ғаниевга нисбатан енгиллик бериш ҳақидаги талабини инобатга олиб, Т.Ғаниевга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаб, уни суд залида дарҳол қамоқдан озод қилиш тўғрисида ҳукм ўқиди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши эндиликда Толиб Ғаниевни ишга жойлаштириш, унинг хулқини назоратга олиш тадбирларини кўрмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
3 131






Все о погоде - Pogoda.uz