ЎзА Ўзбек

02.03.2018 13:46 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: "Яқин йилларда Навоийга энг сара инвесторлар келади"

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида «Навоий» эркин иқтисодий зонасида истиқболдаги режалар тақдимоти бўлиб ўтди.

Маълумки, 2010-2016 йилларда иқтисодий зонада 22 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 904 иш ўрни яратилган. Тақдим қилинган режага кўра, 2017-2019 йилларда 32 та лойиҳа амалга оширилиб, 1659 та иш ўрни яратилади. Бунда электротехника, фармацевтика ва тиббий буюмлар, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари, кимё ва нефть кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Лойиҳаларда мармар ва гранит тошлар, композит тош маҳсулотлари ишлаб чиқариш режаси ҳам ўрин олган. Тош каръерларидан мармар қазиб олиш, қайта ишлаш, композит ва архитектура қурилмалари яратиш ишлари бажарилади.

2 (1).JPG

Давлат раҳбарига тақдим қилинган яна бир режа бўйича 2018-2019 йилларда умумий қиймати 84,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган алюмин профиллар, аксессуар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 4 та лойиҳа амалга оширилади.

1 (1).JPG

– Навоий вилоятида иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд, – деди Президент. – Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш учун ташаббускор тадбиркорларни топиш керак. Бунинг учун яқин вақтда вилоятда бизнес-форум ташкил қилиш лозим. Унга чет эллик инвесторларни ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ана шунда Навоийга энг сара инвесторлар келади.

3 (1).JPG

Вилоятда шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси Зарафшон шаҳри ҳудудида амалга оширилади. 350 кишининг бандлиги таъминланадиган корхонада силлиқ лист ойна, шиша идишлар ишлаб чиқарилади.

Президентга замонавий иссиқхоналар ташкил қилиш, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Балиқчиликка оид режа давлат раҳбарига манзур бўлди. Унда Кармана туманидаги хонадонларда кичик сув ҳавзалари барпо этиб, интенсив усулда балиқ етиштириш мўлжалланган. Лойиҳага кўра, икки сотих ерда интенсив усулда балиқ етиштирилади. Давлат раҳбарига етиштириладиган балиқ турлари, озуқаси, даромадлар ҳақида маълумот берилди.

– Балиқ пархез маҳсулот ҳисобланади, гўшт ўрнини босади. Шундай экан, бу тармоқни ривожлантиришга катта эътибор бериш зарур, – деди Президент. – Хонадонларда етиштирилган балиқ аҳолига фақат қўшимча даромад манбаи эмас. У соғлик учун ҳам фойдалидир.

Маълум қилинганидек, Навоий вилоятидаги «Тўдакўл» сув ҳавзасида очиладиган балиқчилик мажмуасига 1200 гектар ер ажратилади. Эронлик инвесторлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳа йилига 5000 тонна балиқ, 4000 тонна қайта ишланган балиқ маҳсулотлари (балиқ филеси, фарши, дудланган балиқ) тайёрлашни кўзда тутади.

Абу Бакир Ўрозов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
18 267