Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.01.2018 20:10 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар академиясида бўлди

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар академиясида бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев янгидан ташкил қилинган Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.

Маълумки, Президентимиз 2017 йил январь ойида Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида бўлиб, мазкур билим юрти замирида мутлақо янги Қуролли Кучлар Академиясини ташкил этиш бўйича топшириқлар берган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 25 апрелдаги қарори билан Қуролли Кучлар Академияси қайта ташкил қилинди. 

Мазкур ҳарбий ўқув маскани Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг шонли ҳарбий анъаналари, мамлакатимизнинг етакчи илмий-таълим муассасалари илғор тажрибасини ўзига қамраб олган.

Бугун Академия мамлакатимизда жорий этилган ҳарбий таълимнинг ягона тизимида асосий ўринни эгаллайдиган, том маънода ҳарбий илм-фан марказига айланди. Академияда лейтенантлар тайёрлаш, офицерлар малакасини ошириш, армия бошқарув таркибидаги қўмондонлик кадрларини махсус тайёргарликдан ўтказиш ишлари йўлга қўйилган. Бу ерда умумқўшин, қўмондонлик-штаб, малака ошириш факультетлари, ўн битта кафедра фаолият юритмоқда. 

Курсант ва тингловчилар ҳарбий, гуманитар, аниқ фанлар бўйича таълим олади. Академияда хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси асосида ўқув жараёни ташкил қилинган. 

Замонавий қиёфа касб этган Академияда таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган. Аудиториялар замонавий тренажёрлар, ўқув-лаборатория ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган.

Президентимиз Академияда яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув хоналари, музей, ошхона, курсантлар ётоқхоналарида бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳарбий машғулотларни бажаришини кўздан кечирди.

Академия тингловчиларининг умумий саъвияси, маданияти, билимини янада ошириш учун барча шароитларни яратишимиз даркор, деди Шавкат Мирзиёев. Бу жараёнда ҳарбий билим юртида таълим олишнинг замонавий услубларини жорий этиш, юксак ақл-заковатли кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган «Темурбеклар мактаби»да таҳсил олган ёшлар ҳам мазкур Академияда ҳарбий таълимни давом эттириб, малакали офицерлар бўлиб хизматга киришади.

Бундан ташқари, барча олий ҳарбий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш, жумладан, уларнинг хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида малака ошириши бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Давлатимиз раҳбари курсантлар билан суҳбатлашди. Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 26 йиллиги билан табриклади. Уларнинг аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, замонавий билимларни пухта эгаллаши лозимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлар Академиясининг ситуация марказида бўлди. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтмоқда.

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
21 161