Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.02.2017 18:55 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида барпо этилаётган цемент заводи лойиҳаси билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шеробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилаётган цемент заводи қурилиши билан танишди.

Сурхондарё вилоятида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ва технологик янгилаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш юзасидан қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вилоятда қурилиш кўлами кенгайгани, иқтисодиётнинг мазкур тармоғига бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётгани қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар барпо этишни тақозо этмоқда.

Тумандаги “Вандоб” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида бунёд этиладиган цемент заводи воҳада қурилиш саноатини замон талаблари даражасида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа қиймати 212,8 миллион доллар бўлган ушбу саноат корхонасида йилига 1,5 миллион тонна портландцемент ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Корхона ишга тушгач, бу ерда мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Маҳсулотнинг асосий қисми ички талабни қондиришга йўналтирилади.

Давлатимиз раҳбари ушбу завод нафақат вилоят, балки мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Лойиҳачи ва қурувчилар билан суҳбатда қурилиш суръатларини жадаллаштириш, сифат ва муддатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Матназар Элмуродов, Анвар Самадов, ЎзА
2 469






Все о погоде - Pogoda.uz