Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.06.2018 10:13 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев Фарғонага келди

Шавкат Мирзиёев Фарғонага келди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12 июнь куни Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Фарғона вилояти ўзининг ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат ва коммуникация тармоқлари, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмалар, бой меҳнат ресурслари билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Фарғона вилояти юртимизнинг ривожланган ҳудудларидан бирига айланиб бораётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин. Кейинги йилларда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳар ва қишлоқлари қиёфаси кун сайин ўзгариб, обод бўлиб бормоқда, аҳоли турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 3,9 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, қурилиш, хизматлар кўрсатиш соҳаларида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди. Биринчи чоракда асосий капиталга киритилган хорижий инвстициялар ва кредитларнинг ҳажми 97,9 миллиард сўм, ташқи савдо айланмаси эса 284 миллионни ташкил этди.

Вилоят иқтисодий салоҳиятини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. 2018 йилги минтақавий инвестиция дастури доирасида 285 лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунга қадар 35 лойиҳа ҳаётга тадбиқ этилди. Вилоятда 212 қўшма корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 45 та хорижий сармоя иштирокидаги корхона рўйхатдан ўтказилди. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳам аҳоли фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вилоятда 2018 йил учун ҳудудий тасарруфдаги хўжалик субъектларига жами 189 миллион долларлик экспорт прогнози белгиланган бўлиб, шундан 38 миллион доллари саноат ва 151 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келади.

Хусусан, жорий йилнинг шу кунига қадар 49,9 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, 5 ойлик учун белгиланган прогноз 116,1 фоизга бажарилди. Шундан экспортда саноат маҳсулотлари улуши 14,7 миллион доллар, мева-сабзавот маҳсулотлар 35,2 миллион долларни ташкил этди. Натижада ўтган йилнинг 5 ойлигига нисбатан ҳудудий экспорт 1,5 мартага ўсди.

Фарғоналиклар ҳар қарич ердан омилкорлик билан фойдаланиб, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобидан салмоқли ютуқларни қўлга киритиб келмоқда.

“Обод қишлоқ” дастури асосида 15 тумандаги 30 маҳалла фуқаролар йиғинида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир.

Президентимиз ўтган галги вилоятга ташрифи чоғида қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди. Мазкур топшириқлар ижроси доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ошди. Замонавий уй-жойлар, инфратузилма объектлари бунёд этилди.

Вилоятда олиб борилаётган бу каби ишлар, белгиланган вазифаларнинг ижроси ва лойиҳаларнинг амалий натижаси Президентимизнинг доимий эътиборида. Бу галги ташриф давомида давлатимиз раҳбарининг янги лойиҳалар билан танишиши, тадбиркор ва инвесторлар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашиши кўзда тутилган. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
8 048