ЎзА Ўзбек

17.10.2019 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев “Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди”

Шавкат Мирзиёев “Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди”


Президентимиз Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида Ангор туманидаги “Angor Surxon Gʻururi” пахта-тўқимачилик кластери даласида ингичка толали пахта ҳосилини кўздан кечирди, фермерлар ва олимлар билан мулоқот қилди.

Бугунги кунда халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган юқори сифатли пахта етиштириш, соҳага замонавий ускуналар ва илғор ишлаб чиқариш технологияларини жорий қилиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш рентабеллигини, тайёрланаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини оширишни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил январь ойида вилоятга ташрифи доирасида ингичка толали пахта етиштириш, кластерларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда Сурхондарёда 6 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил этилди. Улар жами пахта майдонининг 67 фоизини қамраб олган. 2020 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш белгиланган.

“Angor Surxon Gʻururi” МЧЖ тасарруфида 9180 гектар ер майдони бор. Жорий йилда 4800 гектар майдонда “Сурхон-14” ва “Сурхон-16” навли ингичка толали пахта парвариш қилинди.

Илғор инновацион ғояларни жорий этиб, юқори ҳосилдорликни мўлжаллаган корхона ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сифатли шудгорлаш ва зараркунандалар кўпайишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратди. Ниҳоллар қатор орасини юмшатиш, культивациялаш, ягана қилиш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилди. Меъёридан анча иссиқ бўлган ёз фаслида ғўзани шарбат усулида тунги суғориш йўлга қўйилгани, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилгани, бегона ўтлардан тозаланиб, белгиланган муддатларда чеканка қилингани, муҳими, барча тадбирлар илмий асосланиб, олимлар билан олиб борилгани ўтган йилларга нисбатан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Биринчи теримнинг ўзидан гектаридан 26 центнердан ошириб ҳосил олинди. Айрим бригадаларда 32 центнергача етди.

Ингичка толали бу нав экстремал об-ҳаво шароитларига, сувсизлик ва гармсел, зараркунанда ҳашаротларга чидамлилиги. Эртапишарлиги билан аҳамиятли.Толасининг узунлиги,пишиқлиги ва текстилбоплиги билан жаҳон бозорида харидоргир. Бошқа навлар билан меҳнат ва ресурс сарфи бир хил бўлгани ҳолда ингичка толанинг иқтисодий самарадорлиги 60 фоиз кўп бўлади.

– Пахтадан юқори ҳосил олиш учун биринчи навбатда янги навларни яратишга алоҳида эътибор беришимиз лозим. Бунинг учун олимларимизга муносиб шароитларни яратиб беришимиз лозим. Нав билан, илмий агротехника билан шуғулланмай қўйгандик. Меҳнат унумдорлиги, манфаатдорлик паст эди. Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак. Бизнинг мақсадимиз шу. Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.


Яна бир муҳим омил – бу йил зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш учун давлат бюджетидан 120 миллиард ажратилган эди. Жумладан, Сурхондарё вилоятида бу ишларга 13 миллиард сўм йўналтирилди.

Шу ерда бўлган мулоқот чоғида фермер ва мутахассислар бу чоралар яхши натижа берганини, мўл ҳосил сақлаб қолинганини билдиришди.
Президент ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди. Кластерлар фаолиятини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида айтиб ўтилди.

– Энди ҳамма кластерлар чорвачилик комплекслари ташкил қилади. Чунки уларда озуқа базаси бор. Чорвачилик ривожланса, гўшт, сут арзон бўлади. Бу халқимиз фаровонлиги, болаларимиз саломатлиги учун муҳим, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда кластерда 900 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Ҳозирда 50 гектар жойда иссиқхона, 10 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлайдиган музлаткич қурилмоқда. Бу яна ўнлаб янги иш ўрни яратилади дегани.


7 453
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА