ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Шавкат Мирзиёев: Энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш керак

Шавкат Мирзиёев: Энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш керак

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри Олмазор туманида барпо этилаётган “Olmazor business city” ишбилармонлик маркази қурилиш майдонига ташриф буюрди.

Ўтган йил июнь ойида Президентимиз Талабалар шаҳарчасидаги маданият саройида Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид лойиҳалар қаторида “Olmazor business city”ни барпо этиш лойиҳаси билан ҳам танишган эди.

Бугунги кунда 50 йиллик халқаро тажрибага эга Туркиянинг “Меsа mesken” компанияси томонидан бунёд этилаётган замонавий ишбилармонлик марказининг умумий қиймати 135 миллион долларни ташкил этади. Қурилиш ишлари жорий йилнинг февраль ойида бошланган бўлиб, ишбилармонлик марказини барпо этиш учун 23,5 гектар ер майдони ажратилган.

Лойиҳа 6 та лотга бўлинган бўлиб, биринчи ва иккинчи лотлар савдо ва кўнгил очар марказларни қамраб олган. Уч, тўрт ва бешинчи лотларда 9, 12, 13, 18 ва 30 қаватли тураржойлар жойлашган. Олтинчи лотда 300 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 500 ўринли мактаб қурилиши кўзда тутилган.

Янги Олмазор кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли ўртасидаги ҳудудда қурилаётган ушбу мавзеда 2 минг 100 та хонадонга мўлжалланган 28 та кўп қаватли уй, ушбу тураржойларнинг биринчи қаватида 70 та савдо дўконлари бунёд этилади. Айни пайтда ишбилармонлик марказини ўз вақтида ишга тушириш учун қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ишлари билан танишар экан, бу ердаги коммуникация тармоқлари, йўл инфратузилмалари, яшил ландшафтларнинг жойлашувига ҳам эътибор қаратди. Майдоннинг 4 гектар қисмида қурилиш ишлари амалга оширилса, 16 гектар майдон кўкаламзорлаштирилади. Қарийб 3,5 гектар канал атрофидаги ерлар аҳоли дам оладиган кўркам қиёфага келтирилади. Президентимиз хонадонлардаги шароитлар билан ҳам қизиқди. Кенг ёруғ хоналарда яшаш учун барча қулайликлар ҳисобга олинган. Хонадонга кириб борар экансиз, меҳмонхона, ошхона, катталар ва болалар ётоқхонасининг жойлашуви, замонавий қурилиш дизайни эътиборингизни тортади. Турар жой мажмуасининг афзалликларидан яна бири, барча хонадонлар тўлиқ таъмирланган ҳолда сотувга чиқарилади. Қурилиш ишларига мингдан ортиқ туркиялик мутахассислар, маҳаллий қурувчилар жалб қилинган.

Кўп қаватли уйларнинг ташқи девор қисмида “базальт” иситиш қопламасидан фойдаланилмоқда, хонадонларда алоҳида иситиш тизими ўрнатилади. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари 2021 йилнинг декабрь ойида тўлиқ якунланиши режалаштирилган.

- Уйлар сонини кўпайтириш, энергияни тежаш орқали турар жойлар нархини арзонлаштириш керак. Бунинг учун қурилиш материаллари, базальт толаси ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтириб, ҳар бир ҳудудга етказиб бериш зарур, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бинокорлик ишларининг бориши, ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Қурилишда маҳаллий материаллардан фойдаланилаётгани, уйлар ҳам тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилган маиший техника ва мебеллар билан жиҳозланиши таъкидланди.

- Қуриш бу биринчи қадам. Асосийси - малакали эксплуатация. Уйларга, одамларга сифатли хизмат кўрсатиш, муҳандислик ускуналаридан самарали фойдаланиш зарур, - деди давлатимиз раҳбари қурувчи ва мутасаддилар билан суҳбатда.

Шу ерда Олмазор тумани фаоллари билан ҳам мулоқот бўлди. Аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, ёшлар тарбиясига эътибор қаратиш, жиноятчиликни олдини олиш, юртимизда бўлаётган ўзгаришларни тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.

Ҳар бир ҳудуд шароитига қараб чекка туманларда ҳам сифатли, арзон ва хавфсиз уйлар барпо этиш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди.

3 798
Умар АСРОРОВ, ЎзА