Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 20:52 Чоп этиш версияси

Сергей Лебедев: Ўзбекистон яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратмоқда

Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ҳамкорликни изчил ривожлантирмоқда. Шу кунларда пойтахтимизда МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев бу ҳақда ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов тузилма фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ташқи сиёсат ҳам минтақамиз учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон Президенти илк давлат ташрифларини Туркманистон, Қозоғистон ва Россияга амалга оширгани мамлакатингиз ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида эътибор қаратаётганини яққол исботидир.

Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашганимдан ғоят хурсандман. Суҳбатимиз кенг қамровли ва жуда мазмунли бўлди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисини ўтказиш учун яратилган ажойиб имкониятлардан миннатдормиз.

Иштирокчи давлатлар ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакилларининг Келишув мажлиси муваффақиятли ўтди. Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси кун тартибига 16 ҳужжат лойиҳаси киритилган. Улар Ҳамдўстлик мамлакатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлигини ривожлантириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш масалаларига қаратилган.

Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентдаги мажлиси МДҲ доирасидаги алоқалар ривожида муҳим воқеа бўлишига ишонаман. Ўзбекистон халқига янада тараққиёт, бахт ва фаровонлик тилайман.

Анвар Самадов, ЎзА
3 118






Все о погоде - Pogoda.uz