ЎзА Ўзбек

31.12.2017 22:04 Чоп этиш версияси

Самимий қутловлар

Янги – 2018 йил кириб келиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин:


Сизни кириб келаётган Янги йил билан чин юракдан табриклайман. Бизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида ўтиб бораётган йил Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларда чинакам маънода муваффақиятлар йили бўлди. Икки томонлама ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиққан бир қатор муҳим келишувлар имзоланди. Аминманки,эрилишган натижаларга таянган ҳолда биз Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлиги ва иттифоқчилиги янада ривожланишини таъминлаймиз ва Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаол ҳамкорликни давом эттирамиз.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин
Корея Республикаси Президентининг рафиқаси Ким Чжон Сук:


Ўтиб бораётган йилдаги бизнинг учрашувимиздан сўнг ўзаро муносабатларимизнинг мустаҳкамланиши рамзий маънога эга. Ўзаро ишончга асосланган халқларимиз ўртасидаги самимий дўстлик Янги йилда янада мустаҳкамланишини тилайман. Сизга мустаҳкам соғлиқ ва бахт-саодат тилаб, Сиз билан яна учрашишимизга умид қилиб қоламан.

Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Халифа бин Зоид Ол Нахаён:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу...

Милодий Янги 2018 йил кириб келиши муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига ўзимнинг энг қизғин табрикларим ва эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят мамнунман.
Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, биродар халқингизга фаровонлик ва тараққиёт тилаб қоламан.


Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев:


Сизни Қозоғистон халқи ва ўз номимдан Янги 2018 йил билан чин юракдан муборакбот этаман! Сизга сиҳат-саломатлик ва давлат хизматидаги фаолиятингизда муваффақият, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов:


Ҳурматли Шавкат Миромонович!
Сизни кириб келаётган 2018 йил билан чин юракдан муборакбот этаман. Сизга сиҳат-саломатлик, туганмас куч-қувват, келгусидаги ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Янги йил Сиз ва сизнинг биродар мамлакатингиз халқи учун тинчлик, бахт-саодат, фаровонлик йили бўлсин!


Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков:


2017 йил давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро муносабатларда янги саҳифа очилди ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шерикликнинг янги сифат босқичига кўтарилди.

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко:


Янги 2018 йил кириб келиши муносабати билан самимий қутловларимни қабул қилгайсиз. Аминманки, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик янги йўналишлар билан бойиб, халқларимиз фаровонлиги йўлида изчил ривожланиб бораверади.

Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев:


Сизни Янги 2018 йил билан чин юракдан табриклайман! Биргаликдаги энергетика, саноат ва инфраструктура соҳаларида кенг кўламли лойиҳаларнинг муваффақиятли ривожланиб бораётганлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Давлатларимиз ўртасида ёшлар ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик, минтақалар, ишбилармон ва жамоатчилик доиралари алоқалари фаол ривожланмоқда. Аминманки, бу Ўзбекистон ва Россиянинг узоқ муддатли манффатларига тўлиқ жавоб беради.


ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов:


Сизни Янги 2018 йил билан чин юракдан табриклашга ижозат бергайсиз. 2017 йилда Ўзбекистонда Сизнинг раҳбарлигингизда жамиятни янада жипслаштириш борасидаги стратегик йўналиш, бу борада амалга оширилган кенг кўламли ишлар, Республиканинг сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда янада юксак марраларга эришаётганини, Ўзбекистоннинг жаҳон саҳнасидаги ўрни ва нуфузи ошиб бораётганини яна бир карра тасдиқламоқда.

8 003