Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.11.2017 16:44 Чоп этиш версияси

Самимий мулоқот, манфаатли ҳамкорлик, аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида

Самимий мулоқот, манфаатли ҳамкорлик, аҳил қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида

Самарқандда “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Анжуманнинг иккинчи куни иштирокчилар “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларидаги шўъба мажлисларида долзарб маърузалари билан қатнашди.

17.JPG

Халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг конференцияда сўзлаган нутқида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббусларнинг амалга оширилиши Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, минтақа давлатлари тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.

8.JPG

– Марказий Осиё давлатлари бугунги кунда ўзаро ҳамда МДҲ, ШҲТ каби халқаро тузилмалар доирасида кўп томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда, – дейди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев. – Бу минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатлар иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббус – Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш эса бу алоқаларни янада кенг кўламда давом эттириш ва ривожлантириш имконини беради. Самарқандда ўтказилган мазкур халқаро конференция бу борада муҳим қадам бўлди, дейиш мумкин. Икки кун давомида минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари биргаликда Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, транзит-логистика тармоғини кенгайтириш, сув ва энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш, умумий хавф ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалаларини атрофлича муҳокама этди. Бу албатта, минтақа давлатларининг тарихан қарор топган қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва истиқболли мақсадлари рўёбга чиқишига ёрдам беради.

20.JPG

– Марказий Осиё давлатлари ўз мустақил тараққиёт йўлига эга, – дейди АҚШ давлат котибининг Афғонистон ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Генри Эншер. – Қисқа фурсат – 25 йил ичида бу давлатлар жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топиб, ривожланиш сари дадил одимламоқда. Ушбу мамлакатларнинг Марказий Осиёда тинчлик-барқарорликни сақлаш, глобал муаммоларга қарши биргаликда курашишга интилаётгани ғоят қувонарли. Бу борада Ўзбекистон Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ҳамда мазкур конференцияда билдирилган ташаббус ва ғоялар алоҳида аҳамиятга эга. Икки кун давомида минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва бошқа сиёсий, иқтисодий доиралар вакиллари мазкур ташаббусларни фаол қўллаб-қувватлади.

Шўъба мажлислари тугагач, халқаро форум якунлари бўйича ташкилотчиларнинг хулосалари баён этилди.

14.JPG

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ шафелигида ташкил этилган халқаро анжуман ҳар томонлама фойдали мулоқотларга бой бўлганини таъкидлади. Унда 20 дан ортиқ давлат, 10 дан зиёд халқаро ташкилот вакиллари, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари фаол иштирок этгани қайд этилди. Анжуман давомида 70 дан ортиқ маъруза тингланди. Бу чиқишларда минтақа мамлакатлари ўртасида иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда оқилона фойдаланиш, юзага келиши мумкин бўлган хавф ва таҳдидларга қарши ҳамкорликда курашиш, қўшни Афғонистонда тинчлик ўрнатиш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.

Анжуман қатнашчилари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан билдирилган Марказий Осиё давлатлари ўртасида аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш, минтақа давлатлари раҳбарларининг доимий маслаҳатлашувларини ўтказиш ва бошқа ташаббусларни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилинди.

БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман мазкур халқаро конференция минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда тарихий аҳамият касб этишини таъкидлади. Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг чиқишлари, ўзаро мулоқотлар мамлакатларнинг бир-бирига ишончини мустаҳкамлаб, келгуси ҳамкорлик алоқаларини янгича суръатда давом эттиришга жўшқин руҳ берди.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал анжуман юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор этди. Ушбу халқаро форум минтақа давлатларининг ҳудудда осойишталикни таъминлаш, наркотрафик, одам савдоси ва бошқа глобал муаммоларга қарши курашиш борасидаги қарашлари муштарак эканини яна бир бор намоён қилганини қайд этди. Конференцияда муҳокама этилган масалалар, билдирилган таклиф ва ташаббуслар келгуси мулоқотларга асос бўлиши, минтақа давлатларининг бу интилишлари БМТнинг барча тузилмалари томонидан қўллаб-қувватланишини билдирди.

Халқаро анжуман якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилиб, оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Конференция қатнашчилари Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва диққатга сазовор жойларни томоша қилди.


Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
5 216






Все о погоде - Pogoda.uz