Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.03.2017 10:12 Чоп этиш версияси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан бевосита мулоқот қилиш кўзда тутилган.

Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келган, ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган муқаддас шаҳарлардан.

Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида Бухорода бетимсол бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. "Бухоро маданий маркази", унинг таркибидаги "Қўҳна ва боқий Бухоро" монументи бухороликлар ва вилоятга келувчи сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар вилоятда янада кенг кўламда амалга оширилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,3, қурилиш-пудрат ишлари 9,2, хизмат кўрсатиш 15,2, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 7 фоиз ўсди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,9 фоизни ташкил этди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 10 лойиҳа амалга оширилиб, 107,8 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вилоятда Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Бундан ташқари, 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.

2016 йил энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бундан вилоят аҳлининг кўнгли кўтарилиб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди.

Президентимизнинг Бухоро вилоятига ташрифи бошланди.

Абу Бакир Ўрозов, Эркин Ёдгоров, ЎзА
15 403






Все о погоде - Pogoda.uz