ЎзА Ўзбек

15.11.2018 Чоп этиш версияси

Президентимиз Қўнғирот туманидаги “Wunderkinds in Kungirad” мактабгача таълим муассасасида бўлди

Президентимиз Қўнғирот туманидаги “Wunderkinds in Kungirad” мактабгача таълим муассасасида бўлди
Давлатимиз раҳбари фарзандларимиз тарбиясининг биринчи ва муҳим бўғини – мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга доимий эътибор қаратиб келади. 

Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди. 

Қарорда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, маънавий-эстетик ва жисмоний ривожлантирувчи замонавий таълим дастурлари ва технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этиш, фарзандларимизнинг мактабга тайёргарлик даражасини тубдан ошириш кўзда тутилган. 

Мазкур ҳужжатлар ижроси юзасидан бугун Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Қўнғирот тумани «Қўнғирот» овул фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Wunderkinds in Kungirad» давлат хусусий-шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим муассасасига 90 дан зиёд бола қамраб олинган.
Мазкур боғча жорий йилнинг 7 ноябрь куни фаолиятини бошлаган. Тадбиркор Дилноза Абдуллаева шу йилнинг март ойида ҳудуддаги ташландиқ бинони «ноль» қийматда олиб, уни замонавий мактабгача таълим муассасасига айлантирди. Бунинг учун «Ўзсаноатқурилишбанк»дан 1,5 миллиард сўм кредит ажратилди. 500 миллион сўм ўз маблағини сарфлади. Боғчада болаларга рус, инглиз тиллари интерфаол усуллар орқали ўргатилади. Спорт тўгараклари мавжуд. 

Давлатимиз раҳбари боғчада болаларга яратилган шароитлар билан танишди, ходимлар билан мулоқот қилди. 

Фарзандларимизни болалигидан соғлом, ақлли қилиб тарбияласак, эртага мактабга билимли ёшлар келади. Мактабни ўқувчилар ҳар томонлама билимли бўлиб битирса, институтларимизга илм-маърифатли, маънавиятли ёшлар боради, мамлакатимиз учун яхши кадрлар етишиб чиқади. Шунинг учун мактабгача таълим доим диққатимиз марказида бўлиши керак, деди Шавкат Мирзиёев. 

Бугунги кунда Қўнғирот туманида 41 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 5715 бола таълим-тарбия олмоқда. Бошқача айтганда, туманда 52,8 фоиз бола боғчага қамраб олинган. 

74e3858e-f043-e012-8848-a235cda9be98.jpg

8a69b7bc-f27e-9b77-31d2-58f160e589c8.jpg

2b5a491c-661d-c18e-d767-20bbf604afb0.jpg

a2c654b2-3c6b-6a92-761a-5fac9c632407.jpg

ed869fe7-7906-3b2e-91cd-a89c520b5122.jpg


9 126
Зиёдулла Жонибеков, ЎзА