ЎзА Ўзбек

10.05.2019 18:57 Чоп этиш версияси

Президент Учтепа туманида икки юз нафар хотин-қиз иш билан таъминланадиган тикувчилик корхонасига борди

Президент Учтепа туманида икки юз нафар хотин-қиз иш билан таъминланадиган тикувчилик корхонасига борди

Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган сифатли кийим-кечаклар билан тўлдиришда жойларда ташкил этилаётган тикувчилик корхоналарининг алоҳида ўрни бор.

Яқинда Учтепа туманида “Козимжон рейтинг сервис” корхонаси томонидан ташкил этилган тикувчилик цехи шулардан бири.

Ушбу корхона 1,7 гектар ер майдонига эга. Хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатади. Ҳудудда 2017 йил супермаркет, 2018 йил оилавий ресторан фойдаланишга топширилган. 135 иш ўрни яратилган. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликдаги махсус тайёрлов курси фаолият кўрсатмоқда.

Тикувчилик цехини ташкил этиш лойиҳаси “Кўкча текстиль” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 3 миллиард сўм. “Козимжон рейтинг сервис” корхонаси цех биносини қуриш ишларини амалга оширди. “Кўкча текстиль” хориждан 100 та замонавий тикув машинаси ва ёрдамчи ускуналар олиб келиб ўрнатди. Тикувчилик цехи йилига 500 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. 200 та иш ўрни яратилади. Асосан, Учтепа туманидаги банд бўлмаган хотин-қизлар қайта ўқитилиб, ишга қабул қилинади. Келгусида тайёр маҳсулотлар учун махсус кўргазма зали ташкил этиш кўзда тутилган.

photo5379617465509718619.jpg

Президент бу каби корхоналарнинг мамлакатимиз иқтисоди ривожидаги ўрнига тўхталиб, биринчи навбатда маҳсулот сифатига эътибор қаратиш зарурлигини қайд этди. Бозор талабини доимий ўрганиб бориш, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Учтепа туманида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари, ташкил этиладиган ишлаб чиқариш ҳудудларининг жойлашуви ва бошқа лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, туманда жорий йилда умумий қиймати 168 миллион доллар бўлган 47 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Шундан 124 миллион доллари тўғридан-тўғри жалб этиладиган хорижий инвестициялардир. Бунинг натижасида 5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

photo5379617465509718620.jpg

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА
5 690